«Манчестер Сити» инқирозда экани, Пеп Гвардиола ҳозирча ҳеч нарса топа олмаётгани бўрттирилмаган. Жамоа ҳали ҳам жадвалнинг юқори қисмида кетаётгани алдаб қўймаслиги учун баъзи рақамларни келтириш мумкин:

  • «Манчестер Сити» охирги 12 ўйинда атиги бир марта ғалаба қозонди;
  • «Манчестер Сити» охирги 12 ўйиннинг 9 тасида мағлубиятга учради. Ундан аввалги 106 ўйинда жамоа камроқ ютқазганди;
  • Охирги 12 ўйиннинг 11 тасида «Манчестер Сити» дарвозасига камида икки гол урилди.

«Манчестер Сити» мана шу давр мобайнида турли сценарийларга тушиб қолди – йирик ҳисобда олдинда ҳам борди, тезкор гол урди, тезкор гол қўйиб ҳам юборди, сафарда, ўз майдонида, турли услубдаги жамоаларга, турли савиядаги ҳужумчиларга қарши ўйнади, иккинчи рақамда ҳаракат қилди, ташаббусга эришди лекин барибир, бу синовларнинг барчасидан жамоа ўта олмади. Барчаси оқибатда муваффақиятсиз якунланди. Мана шу омилнинг ўзи чиндан ҳам жамоада катта инқироз борлигидан далолат беради.

Табиийки, гап сўнгги йиллардаги Европанинг энг кучли жамоаларидан бири ҳақида борар экан, бу қадар тубга тушишда фақат бир ёки иккита сабаб бўлиши мумкин эмас. Родри ким бўлишидан қатъи назар, унинг борлиги балки қайсидир ўйинларда ёрдам берарди, аммо вазиятга чуқурроқ разм солганимизда, барибир бу муваффақиятсиз давр муқаррар бўлганини кўриш мумкин.

Қуйида ҳар бир омил алоҳида кўриб чиқилади, айнан қайси жиҳатларнинг таъсири каттароқ эканини эса ўқувчига ҳавола.

Мавсумолди тайёргарлик кўнгилдагидек бўлмади

«Мавсумолди тайёргарлик расман энди тугади. Терма жамоалар йиғинидан сўнг ҳақиқий мавсум бошланади», – деганди Пеп Гвардиола учинчи турдан сўнг. У пайтда жамоа ўтган уч ўйиннинг барчасида ишончли ғалабага эришган, гўёки навбатдаги чемпионлик учун ҳеч ким халақит бера олмайдигандек туюлаётганди.

Аммо бироз ортга қайтсак, Гвардиола ёзги йиғинлардан кўнгли тўлмаганини сезиш мумкин. Европа чемпионатида «Манчестер Сити»дан жуда кўп футболчилар қатнашди ва сўнгги босқичларгача етиб борди. Шу туфайли аксарият футболчилар мавсум бошланишига яқин қолганда таркибга қўшилди, баъзи футболчиларга Пеп белгиланганидан кўпроқ ҳам таътил берди. Англия Суперкубоги финалини мисол келтириш мумкин, ўшанда рақиб жамоа бўлмиш «МЮ» деярли бутун таркибини йиғиб бўлган ва асосий футболчилардан фойдаланган бўлса, «Сити» асосан ёшлардан иборат таркибни туширганди.

Мавсумга тайёргарлик даврида нафақат «МЮ», Англиянинг бошқа етакчи жамоалари «Ливерпул» ёки «Арсенал»дан ҳам ортда қолинишини чемпионатдаги дастлабки ўйинлар билан қоплаб кетиш мумкин эди, аммо барибир ёзда тўлақонли шуғулланишнинг ўрни бошқа. Янги услублар, боғламларни шакллантириш, янги футболчиларни таркибга интеграция қилишда чемпионат ўйинлари керакли эффектни бермайди. Жамоа эски база билан илк турларни кўтаринки руҳда ўтказиб, ҳаммаси жойидадек таассурот қолдирса-да, жароҳатлар бошланганда, муаммолар ҳам юзага чиқади. Керакли мавсумолди йиғинларисиз гўё бу ўтган мавсумнинг давомидек туюла бошлайди, руҳан чарчатади.