Шимолий Кореядан келган ҳарбий хизматчилар иштироки Россия қуролли кучларининг Курск областидаги юришига янги импулс берди. Энди улар Украина қуролли кучларининг Россиянинг мазкур регионидаги асосий истеҳкомларига жуда яқинлашиб келишди.

Қуйида BBC Украина хизмати мухбири Олег Чернишнинг репортажи таржимаси келтирилади.

РФ армияси Курск областидаги қарши ҳужумини уч ой муқаддам, сентябр ойи ўрталарида бошлаганди. Ўша маҳалда Украина Россиянинг 1 минг км кв ҳудудини назорат қилаётган, Суджа райони марказида ўз комендатурасини ўрнатган ва мудофаа чизиқларини мустаҳкамлаб олганди.

Россия ўз юришининг биринчи тўлқинида украинлар плацдармининг чап қанотида, Коренево ва Глушково шаҳарлари атрофида олдинга силжишга эришди, аммо Украина қуролли кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлинмади. Октябр ва ноябр ойларида давом этган иккинчи тўлқин ҳам Кремлга жиддий муваффақиятлар олиб келмади.

Украин армияси чап қанотда Снагост дарёси, ўнг қанотда Псел дарёси бўйлаб мудофаа чизиғини қурди ва уларни ушлаб турибди.

Айнан мазкур марраларда украин ҳарбийлари узоқ вақт давомида россияликларнинг ёппасига амалга оширган кучли ҳужумларини қайтармоқда. Украина қуролли кучлари BBC билан суҳбатда Россия ҳудудини камида январ ойи охиригача, яъни Американинг янги президенти Доналд Трамп лавозимига киришгунига қадар ушлаб туриш бўйича топшириқ олган.

Аммо декабр ойи бошида Курск областидаги ҳарбий ҳаракатларда РФ томонидан шимолий кореяликлар қўшини фаол ҳаракатлана бошлагани маълум бўлди, бу вазиятни Москва фойдасига ўзгартириши кўзда тутилган.

КХДР қўшини қандай ҳаракатланмоқда?

ОАВ ва ҳарбий таҳлилчилар маълумотига кўра, декабр ўрталарида Россия қўмондонлиги фаоллик билан КХДР аскарларини жангга ташлай бошлаган. Украина Бош штаби маълумотлари ҳам буни билвосита тасдиқлайди.

Ноябр ойи охирида штабнинг ҳар кунги ҳисоботида фронтнинг мазкур участкасида 20 га яқин тўқнашув қайд этилган бўлса, 15 декабрга келиб бу рақам икки бараварга ортган. Кейинги ҳафта давомида эса бу миқдор тахминан шу даражада қолган ва фақат 22 декабрга келиб пасайиб, кунига 27 та тўқнашувгача тушган.

Бу, катта эҳтимол билан, қўшин катта йўқотишларга учрагани ҳамда куч ва ресурсларни тиклаш зарурати юзага келгани билан боғлиқ.

Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси маълумотига кўра, шимолий кореялик аскарлар 14 декабрдан РФ денгиз пиёдалари ҳамда ҳаво-десант қўшинлари бўлинмалари таркибида Курск областидаги штурм ҳаракатларига жалб этила бошланган.