2014 йилда фуқаро авиацияси учун кутилмаган ҳодиса юз берди. Куала-Лумпур – Пекин йўналишида парвоз қилаётган самолёт радарлардан йўқолиб, дом-дараксиз кетади. Қидирувлар натижа бермайди ва ҳанузгача ичида 239 киши бўлган Boeing 777ʼга нима бўлгани ноаниқлигича қолмоқда.

Фуқаро авиацияси пайдо бўлгандан буён жуда кўп ғаройиб ҳодисалар, аянчли ҳалокатлар содир бўлган. Улар орасида 2014 йилда Malaysia Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing 777 самолёти билан содир бўлган ҳодиса алоҳида ажралиб туради.

Тунда Куала-Лумпур аэропортидан Пекинга учиш учун ҳавога кўтарилган самолётдан аввалига сигнал келиши, сўнг эса самолётнинг ўзи диспетчерлар радаридан йўқолади.

Самолёт денгизга қулаб тушган деб тахмин қилинади. Бироқ радардан йўқолган деб мўлжал қилинган ҳудудлардан унинг бўлаклари топилмайди.

Аслида фуқаро авиацияси тарихида самолётларнинг бедарак йўқолиши ва қидирувда бўлаклари ҳам топилмаган ҳолатлар кўп марта бўлган.

Бироқ уларнинг аксарияти ҳали навигация тизимлари унча ривожланмаган, самолётлар ҳам мукаммал бўлмаган даврларда содир бўлган.

21-асрда осмонга кўтарилган ҳар бир самолётни ҳатто махсус сайтлар орқали кузатиб туриш имконияти бор вақтда бутун бошли самолётнинг изсиз ғойиб бўлиши ва айрим бўлаклари дунёнинг нариги чеккасидан топилиши анча ҳайратланарли ҳисобланади.

Boeing 777 тарихи ва унинг йўқолиши

Ғойиб бўлган самолёт 2002 йилда ишлаб чиқарилган, ўша йили Malaysia Airlines авиакомпанияси томонидан сотиб олинганди.

Самолётда 282 та йўловчи ўрни бўлган. Унда 12 нафар экипаж аъзоси хизмат қилган. Йўқолган кунига қадар Boeing 777 Malaysia Airlines авиакомпаниясига 11 йил хизмат қилганди.

Бу даврда самолёт қарийб 54 минг соат парвоз қилган ва 7 525 марта учиб-қўнишни амалга оширган. Boeing 777 сўнгги марта йўқолишидан бир неча ой олдин, 2014 йил феврал ойида техник кўрикдан ўтказилганди.

Изсиз ғойиб бўлган куни самолёт бортида 227 нафар йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган. Улар орасида 152 нафар Хитой, 50 нафар Малайзия, 7 нафар Индонезия, 6 нафар Австралия ва яна ўндан ошиқ давлатлар фуқаролари бор эди.