АҚШ-Эрон музокаралари

АҚШ ва Эрон расмийлари етти ойлик урушга барҳам бериш бўйича янги ҳаракатлар доирасида душанба куни воситачилар билан алоҳида-алоҳида музокаралар ўтказди.

Бу ҳафтада ўтадиган ҳар қандай музокаралар БМТ тадбирлари доирасида Эрон тақдим этган етти кунлик таклифнинг ўзгартирилган таҳририга қаратилади, деб ёзмоқда Reuters.

Эроннинг етти кунлик режаси – барча фронтларда жанговар ҳаракатларни тўхтатиш, Эроннинг миллиардлаб долларлик активларини музлатишдан чиқариш, унинг нефтига нисбатан санкцияларни бекор қилиш ва АҚШ блокадасини олиб ташлашни назарда тутади.

Шундан сўнг Эрон Ҳўрмуз бўғозининг қайта очилишига рухсат беради. Томонлар Эроннинг ядро дастури ва юқори даражада бойитилган уранни йўқ қилиш бўйича музокараларни қайта тиклайди. Трамп шанба куни бу таклифларни рад этганди.

Эрон ОАВларига кўра, ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи сўнгги таклифларга АҚШнинг расмий жавобини кутмоқда. «Агар америкаликлар келишувга ёки тинч ечимга эришмоқчи эканини даъво қилишса, биз ана шу ечимни тақдим этдик», деди Арақчи.

Президент Доналд Трамп ҳам қўшимча тафсилотларни ошкор қилмаган ҳолда, душанба куни АҚШ расмийлари воситачилар билан алоҳида мулоқот ўтказганини айтди.

Уруш феврал ойи охирида АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари билан бошланган бўлиб, етти ой давомида минглаб одамлар ҳаётига зомин бўлди. Нефт ташиш учун ҳаётий муҳим бўлган денгиз йўллари тўсиб қўйилгани сабабли жаҳон бозорларини ларзага солди. АҚШ ва Эрон аввалроқ воситачилик орқали ўтказилган тинчлик музокараларида икки марта — апрел ва июн ойларида ўт очишни тўхтатишга келишганди. Бироқ бу келишувлар тезда барбод бўлган.

Шимолий кореялик ҳарбийлар можароси

Шимолий Корея Россияга 10 мингга яқин ҳарбий хизматчини жўнатишга тайёргарлик кўрмоқда. Шу билан бирга, саккиз мингдан ортиқ шимоллик аскар аллақачон мамлакат ҳудудида бўлиб турибди. Бу ҳақда разведка маълумотларига таяниб, душанба кунги мурожаатида Украина президенти Володимир Зеленский маълум қилди.

Украина раҳбари сўзларига кўра, ҳозирда ҳарбийлар «тайёргарликдан ўтиш ва кейинчалик жўнатилиш учун танлаб олинмоқда». «Россия ҳукумати хорижликларни ёллашни кўпайтиришни режалаштирмоқда. Россия ўз армиясига одамларни жалб қилаётган мамлакатлар ҳукуматлари бунга қаршилик кўрсатиши муҳим. Биз ҳар бир ҳукуматни хабардор қиламиз», деди Зеленский.