АҚШ-Эрон музокаралари

АҚШ президенти Доналд Трамп шу ҳафтада Эрон билан музокаралар давом этишини кутмоқда. Бу ҳақда у Axios'га берган интервюсида маълум қилди.

«Мен Эрон билан янги музокараларни кутмоқдаман. Улар келишув тузишни хоҳлаяпти, аммо бу мен тузмоқчи бўлган келишув эмас. Балки, биз бир йил олдин бунга рози бўлган бўлардик. Улар ўз кучларига ортиқча баҳо бериб юборишди», деди Оқ уй раҳбари. Эронга зарба беришни қайта бошлаш мумкинми, деган саволга эса Америка етакчиси «ҳар доим бу ҳақда ўйлаётгани»ни таъкидлади.

Нашр манбаларига кўра, қатарлик воситачилар бугуннинг ўзидаёқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арақчи ва АҚШ президентининг махсус вакили Стив Уиткофф билан учрашувлар ўтказади.

Теҳрон ҳар қандай музокараларни Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиш ва АҚШ томонидан қўйилган денгиз блокадасини бекор қилишга қаратмоқчи. Вашингтон эса Эроннинг ядровий дастури бўйича ён беришларни ўз ичига олган кенгроқ битим талаб қилмоқда.

Бир неча кун олдин Трамп Эроннинг шартлари ёзилган келишувни рад этганди. Wall Street Journal манбаларига кўра, Америка етакчиси ўз ёрдамчиларига – ноябрдаги оралиқ сайловлардан сўнг Эронни бомбардимон қилишни қайта бошлаш ниятида эканини айтган.

Нетаняҳу БААга келгани айтилмоқда

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу якшанба куни Абу-Дабига ташриф буюриб, БАА президенти Шайх Зоид Ол Наҳаён билан учрашган. Бу ҳақда Исроилнинг юқори мартабали расмийсига таяниб Reuters хабар бермоқда.

Нетаняҳу идораси ва БАА ташқи ишлар вазирлиги бу хабарларга ҳозирча изоҳ бермади. Бу хабар чиқишидан бироз олдин Исроилнинг «Ҳаретз» газетаси ҳам БААга алоқадор тасдиқланмаган хабар тарқатганди. Унга кўра, Ол Наҳаён 2023 йил 7 октябрдаги ҳужумлардан тахминан 10 кун олдин Нетаняҳуни – Ҳамас йирик операция режалаштираётганидан огоҳлантирган бўлиши мумкин. Аммо бу огоҳлантириш Исроил разведка идораларига ёки армиясига етказилмаган, деб ёзади «Ҳаретз».

Нетаняҳу эса ушбу хабарни рад этиб, газетани судга бериш билан қўрқитди. Чунки у ҳозирда оғир қайта сайланиш кампаниясини бошдан кечирмоқда. Мухолифат етакчилари бош вазирни 7 октябрдаги ҳужум олдидан хавфсизлик тизимидаги носозликлар учун айбламоқда.

БАА эса Исроил газетасининг разведка маълумотларига доир хабарига изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ 2020 йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганидан бери БАА ва Исроил «очиқ ва тўғридан тўғри алоқа линияларини» сақлаб келаётганини таъкидлади.