XVII асрнинг иккинчи ярмида Англиядаги шаҳарчада яшовчи чол йўқолиб қолади. Чолни ўлдирганликда айбланиб хизматкор, унинг онаси ва укаси ўлим жазосига ҳукм қилинади. Қатл амалга оширилганидан кўп ўтмай чол уйга қайтиб келади. Шундан сўнг Англия қонунларига ғалати қоида қўшилади.

Ҳуқуқ-тартибот ходимлари орасида “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган ибора бор. Шу кунларда Навоийда содир бўлган бир жиноят ҳодисаси ушбу иборани ёдга солди.

Гап шундаки, Навоий вилоятида 33 ёшли йигит 2024 йил 29 ноябр куни тунда турмуш ўртоғи ва унинг хуштори томонидан буғиб ўлдирилиб, мурдаси Зарафшон дарёсига улоқтирилади. Мурда ҳар қанча қидирилмасин, хозирча топилмаган.

Қотиллик ҳақида гумонланувчиларнинг кўрсатмаларидан бошқа далил йўқ. Бордию улар кўрсатмаларидан қайтса жиноятни фош этиш янада қийинлашади.

Шундай вазиятда “мурда йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган иборада назарда тутилган ҳолат содир бўлиши мумкин. Хўш, “Жасад йўқ, жиноят иши ҳам йўқ” деган гап қачон пайдо бўлгани ва у нимани англатиши тарихи билан қизиқиб кўрамиз.

Ҳодиса

Бу қоиданинг тарихи 17-асрга бориб тақалади. Воқеалар қуйидагича кечади. 1660 йилда маҳаллий зодагонлардан бирининг 70 ёшли иш бошқарувчиси Уилям Ҳаррисон ижара пулларини йиғиш учун қўшни қишлоққа боради ва изсиз ғойиб бўлади.

Ҳаррисон айтган вақтида уйга қайтмагач хотини хавотирланади ва хизматкори Жон Перрини эрини қидиришга юборади. Бироқ эртаси куни эрталабгача Ҳаррисондан ҳам, хизматкордан ҳам дарак бўлмайди, улар ортга қайтмайди.

Эртаси куни Ҳаррисоннинг ўғли Эдвард отасини қидиришга чиқиб, йўлда хизматкор Перрини учратиб қолади. У хўжайинни топа олмаганини айтади.

Шундан сўнг Эдвард ва хизматкор Уилям бориши керак бўлган манзил – Эбрингтон қишлоғидаги хонадонга боради.

Уй эгаси Уилям Ҳаррисон тунда меҳмон бўлганини, ижара пулини олиб, эрталаб чиқиб кетганини айтади. Эдвард ва хизматкор уни кейинги қишлоққача қидириб боради, бироқ чолнинг дараги чиқмайди.

Улар умидсиз ҳолда уйга қайтаётганда Чиппинг Кампден ва Эбрингтон ўртасидаги йўлдан Уилям Ҳаррисонга тегишли бош кийим, кўйлак ва ёқани топиб олади. Уларда қон изи бор эди. Аммо атрофни қидириб, чолнинг жасадини топа олишмайди.

Шундан сўнг маҳаллий маъмурлар хизматкор Жон Перрини сўроқ қилади. У хўжайинини кўрмаганини, қидириб топа олмаганини таъкидлайди.