155-бригададаги танг ҳолат ҳақида дастлаб декабр ойида ҳарбий блогер ва «Цензор.Нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусов хабар берганди. У қўмондонлик, қуролланиш, жангчиларни тайёрлаш ҳамда бригада ҳарбий хизматчиларининг ёппасига дезертирлиги билан боғлиқ муаммолар ҳақида айтиб берган, аскарларнинг бир қисми Франциядаги машғулотлар чоғидаёқ қочиб кетган.

Олий рада депутати Маряна Безуглая «Анна Киевская»ни ҳисобот учунгина тузилган, кейин эса яроқли бўлинмалари ва техникалари бошқа қисмларга ўтказилган «зомби бригада» деб атади.

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 5 январ куни 155-механизациялашган бригада бўйича «ҳал этилиши лозим бўлган муаммоли масалаларга алоҳида эътибор қаратгани»ни айтди. Бу ҳозирча мазкур можаро юзасидан ҳукуматнинг ҳозирча ягона расмий реакцияси бўлди.

15 ноябр куни Франция мудофаа вазири Себастян Лекорню «Анна Киевская» бригадаси байроғида ўз имзосини қолдирди

Бутусовнинг сўзларига кўра, президент Володимир Зеленский январ бошида Олий бош қўмондон штаби йиғилишида ушбу бўлинма билан боғлиқ вазият бўйича йиғилиш ўтказган ҳамда ишни шахсан ўз назоратига олган.

BBC Украина хизматининг президент офисидаги манбаси эса бу маълумотни рад этган. Унинг сўзларига кўра, штаб йиғилишида бу масала кўриб чиқилмаган.

«Вазият билан эса бир неча ҳафта олдинроқ, Давлат тергов бюроси даражасида ҳам, ҳарбий қўмондонлик даражасида ҳам шуғуллана бошлашган», — дея қўшимча қилган манба.

Чиндан ҳам, Давлат тергов бюроси 2 январдаёқ 155-бригада рўй берган ҳодисалар юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилганди. Иш Украина жиноят кодексининг «ҳарбий ваколатлардан четга чиқиш» (426-модда, 1-қисм) ва «дезертирлик» (408-модда) бўйича очилган.

Бюродагилар BBC мухбири билан суҳбатда терговга халақит бермаслик учун текширув тафсилотлари очиқланмаслигини билдирган.

Бу қандай бригада ва алоҳидалиги нимада?

«Анна Киевская» алоҳида механизациялашган бригадаси намунали бригадага айланиши ва тўлиғича Украинанинг ғарблик ҳамкорлари томонидан тайёрланган ва қуроллантирилган биринчи бригада бўлиши керак эди.

Франция расмийлари ушбу ҳарбий тузилма устидан расман «ҳомийлик»ни ўз зиммасига олган, президент Эммануэл Макрон ҳатто ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида «Анна Киевская» жангчиларининг машғулотларидан видео ва фотолар жойлаганди.