Украинада ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича қандайдир келишувга эришиш учун фронт чизиғидаги вазиятни барқарорлаштириш талаб этилади. Бу ҳақда америкалик конгрессмен, Доналд Трамп ўз маъмуриятида хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимига тайинлашни мўлжаллаётган Майк Уолтц айтиб ўтди.

АҚШнинг ҳозирги маъмурияти ҳам, кейингиси ҳам Украина сафарбарлик ёши учун чегарани пасайтириши лозим деб ҳисоблайди

ABC News телекомпанияси журналистигага берган интервюсида Уолтц бундай барқарорликка эришиш шартларидан бири Украина қуролли кучларига «юз минглаб янги аскарлар»ни жалб этиш учун Украинадаги чақирув ёш чегарасини пасайтириш бўлиши кераклигини айтган.

«Биз украинлардан сўрайдиган нарсалардан бири шу… Уларда жонли куч бўйича муаммолар бор. Улар 18 ёшлиларни эмас, 26 ёшлиларни чақиришмоқда. Мен буни кўпчилик тўғри тушунади деб ўйламайман, — деган Уолтц. — Фронтдаги қийинчиликлар ва муаммолар ҳақида эшитганимизда, шуни таъкидлаш жоизки, агар украинлар демократияни сақлаб қолиш учун дунёдагилардан барча ишни қилишни сўраётган бўлишса, унда улар ҳам демократияни сақлаб қолиш учун барча ишни қилишлари керак».

«Улар, албатта, мардонавор курашишди, албатта, олийжаноблик ва матонат билан жанг қилишди, аммо кадрлар билан боғлиқ бу муаммоларни ҳал қилиш керак», — дея қўшимча қилган Уолтц.

Ғарб нашрларидаги кўплаб материалларда Россия қўшинларининг фронтдаги охирги муваффақиятларининг асосий сабабларидан бири улар жонли кучда сезиларли устунликка эгалиги билан боғлиқлиги кўрсатилган.

Журналистларнинг маълумотларига кўра, АҚШнинг амалдаги президенти Жо Байден маъмурияти вакиллари аллақачон Украина ҳукуматини чақирув ёшини ҳозирги 25 ёшдан пасайтиришга чақирган.

Аммо Володимир Зеленский бунга жавобан бир неча марта асосий муаммо — фронтдаги одамлар етишмовчилиги эмас, Украина қуролли кучларида ғарб қуроллари етарли эмаслигида эканини айтган.

«Агар қаршингиздаги одам қуролсиз турса, унинг ёши 20 ёки 30 да эканининг нима фарқи бор? Ҳеч қандай фарқи йўқ», — деганди у декабр ойи ўрталарида ҳарбий хизматга чақирув ёшини пасайтириш ҳақидаги саволга жавобан.

Зеленский Украина қуролли кучларининг хорижда тайёрланиши лозим бўлган 14 бригадасининг фақат иккитаси зарур тайёргарликка эга бўлгани ва бу айнан қуроллар етишмовчилиги билан боғлиқлигини таъкидлаганди.