Жаҳон | 16:43 / 17.01.2025
16862
3 дақиқада ўқилади

90-йилларда Россиянинг энг қудратли олигархлардан бири бўлган Гусинский қарзга яшаётгани маълум бўлди

"Агентства" маълумотларига кўра, Владимир Гусинский Қўшма Штатлардаги ажрашиш жараёни доирасида қарзлари активларидан ошиб кетганини кўрсатган. Унга тегишли охирги икки тузилма ҳам банкрот бўлди.

Фото: AFP

1990-йиллардаги россиялик собиқ медиамагнат Владимир Гусинский ўзининг банкрот бўлгани ва қарзга ботганини эълон қилди. У энди ҳеч қандай бизнесга эга эмас ва 10 дан ортиқ кредиторлардан 7 миллион доллардан ортиқ қарзи бор, унинг умумий қарзи активларидан ошиб кетган, деб хабар берди "Агентство" 16 январ, пайшанба куни собиқ россиялик олигарх АҚШнинг Коннектикут штати судига киритган ҳужжатга таяниб.

Молиявий аффидевит (ёзма кўрсатма) 2025 йил 1 январда тақдим этилган бўлиб, Гусинский томонидан ажрашиш жараёнининг бир қисми сифатида тайёрланган, унинг ҳақиқийлиги "Агентство"га собиқ тадбиркорнинг рафиқаси Елена Константиноу томонидан тасдиқланган. Ундан келиб чиқадики, Гусинскийга тегишли сўнгги иккита тузилма — News Ru Israel LTD ва New Media Holding LLC «банкротлик жараёнидан ўтмоқда ва улар бир цент ҳам турмайди», деб таъкидлайди журналистлар.

Активлар — 6 млн доллардан кам, қарзлар — 7 млндан кўп

Гусинскийнинг ҳисоб-китобларига кўра, унинг 5,929 миллион долларлик активлари бор, улар орасида Коннектикутдаги иккита уйдаги улушлар, 2013 йилда ишлаб чиқарилган Mercedes S550 автомобили, Исроил банкидаги ҳисобрақами ва заргарлик буюмлари мавжуд. У умумий қарз миқдорини 7,287 миллион долларга баҳолаган ва кредиторлари орасида "Промбизнесбанк" собиқ эгаси, Коррупцияга қарши кураш халқаро жамғармаси собиқ ғазначиси Александр Железняк ва ЮКОСнинг собиқ эгаларидан бири Леонид Невзлин, шунингдек, "Агентство"га кўра, сиёсатчи Максим Кац ва собиқ давлат арбоби Анатолий Чубайс.

Гусинский журналистларнинг саволларига жавоб беришдан бош тортди. «Аффидевит шуни кўрсатадики, Forbes бойлигини 1997 йилда 400 миллион долларга баҳолаган, бир вақтлар қудратли олигарх ҳозир амалда банкрот бўлган ва агар у кредиторлар олдидаги барча тан олинган қарзларини тўласа, пули қолмайди», — дея хулоса қилади "Агентство".

Владимир Гусинский Россиянинг биринчи президенти Борис Елцин даврида энг қудратли олигархлардан бири эди. Бошқа нарсалар қаторида у НТВ телеканали, «Эхо Москвы» радиостанцияси, «Итоги» журнали, RTVi телеканали ва "Мост-банк"ка эгалик қилган. 2001 йилда у ҳукумат билан зиддият туфайли Россияни тарк этди. Унга нисбатан "Медиа-Мост" ҳолдинги активларини хорижга ноқонуний ўтказиш гумони бўйича жиноий иш очилган. Кейинроқ у Россияда яна бизнес қилишни хоҳлашини ва қайтишга тайёрлигини, аммо бунинг учун расмийларнинг розилиги зарурлигини айтди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид