Трампнинг нефт-газ мўъжизаси қай даражада реал ва АҚШ президентини дунёнинг қазилма ёқилғилар бозоридаги икки асосий рақиби — Россия ва Саудия Арабистони устидан ғалабага олиб борувчи йўлда қандай тўсиқлар кутиши мумкин?

«Бурғила, болажон, бурғила» — Трампнинг сайловолди кампанияси шиори бўлди. У нефт ва бошқа енгил углеводородлар ишлаб чиқаришни 15 фоизга ёки кунига 3 млн баррелгача оширишни ваъда қилмоқда.

АҚШ ҳозирнинг ўзида дунёнинг энг йирик энергия ресурслари ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади. Фақатгина нефт ва газ конденсатини АҚШ кунига 13 млн баррелдан кўпроқ ишлаб чиқаради, бу кўрсаткич Россия ва Саудия Арабистонидагидан ҳам анча юқори — уларнинг ҳар бири тахминан 10,5 млн баррел қазиб чиқаради.

Бундан ташқари, АҚШ дунёдаги энг йирик суюлтирилган табиий газ (СТГ) экспортчиси саналади. Россиянинг Украинага бостириб кириши ва Владимир Путин Европага нисбатан «газ уруши»ни бошлаши ортидан Америка Европа бозоридаги мавқейини мустаҳкамлай олди. Бу можаро натижасида «Газпром» ўзи учун энг даромадли ва қулай Европа бозорини қарийб бутунлай йўқотди.

Бўшаган ўринни Америка газ компаниялари эгаллади ва Трамп уларнинг устунлигини мустаҳкамлаш, шу билан бирга, СТГнинг йирик экспортчилари бўлган Қатар, Канада ва Австралиядан Осиё бозоридаги улушни қайтариб олишни режалаштирмоқда.

Бу Трампнинг ислоҳотларидан кўзланган икки асосий мақсаддан биридир. Иккинчиси — қазиб олиш ҳажмини ошириш орқали АҚШ ички бозорида ёнилғи нархини паст даражада ушлаб туриш. Ҳозирги кунда газ АҚШда Европа ёки Хитойдаги нархидан қарийб уч баробар арзон, бу эса Америка саноатига рақобатбардошликни оширишда ёрдам бериб, дунёдаги энг бой мамлакатда фаровонликни кучайтирмоқда.

BBC Трамп қандай қилиб «энергетик устунлик»ка эришмоқчи экани хусусида таҳлилий мақола эълон қилди.

Аляска, қувурлар ва «капитализм ҳирси»

«Нефт қазиб олишни кўпайтиришнинг икки йўли кўзга ташланади: давлат томонидан назоратни юмшатиш ва нефт компанияларида кўпроқ қазиб олишга рағбат уйғотиш», — дейди Institute of International Finance (IIF) иқтисодчилари Марселло Эстевао ва Иван Бургара.