БОРНМУТ – НОТТИНГЕМ ФОРЕСТ (25 январ, 20:00)

Нормал дунёда биз бу жамоаларнинг ўзаро ўйинини фақат мавсум охирида, масалан, лигада қолиш учун муҳим баҳс сифатида тақдим этишимиз мумкин эди холос. Ўтган мавсумда «ўрмончилар» АПЛда қолиш учун кураш олиб борган, икки йил олдин эса умуман ҳар иккиси ўзаро мана шу мақсад учун рақобат қилгандилар. Уни қўйинг, атиги уч йил олдин бу жамоалар Чемпионшипда куч синашгандилар. Бу сафар эса ҳаммаси бошқача, «Ноттингҳем» очколар бўйича турнир жадвалида иккинчи ўринда бораётган бўлса, «Борнмут» ҳам узоқда эмас, кучли тўртликдан атиги 3 очко ажратиб турибди холос. Нисбатан олганда у қадар катта имкониятга эга бўлмаган клубларнинг АПЛ да бу қадар олдинлаб кетганлари албатта, ақлли бошқарув ва мураббийнинг меҳнати билан содир бўляпти, дейиш мумкин.

Одатда, таркиб жиҳатидан ўртамиёна бўлган клубларнинг юқорида юриши маълум билар сценарий остида кечади – ҳимояда мустаҳкам туриб, қарши ҳужумлар орқали натижага эришиш мумкин. Аммо айнан бу мавсумдаги кўпгина жамоалар ҳақида гап борганда, ўзининг таниш услуби, ўзига хос жиҳатларини пайқаш қийин эмас. «Ноттингҳем» кўпроқ ўша анаъанавий инглиз клублари каби тезкор қарши ҳужумлар, ҳимояда тажовузкор ўйинга асосланган бўлса, «Борнмут»ни бемалол прессинг-машина дейиш мумкин. Ираола шогирдларининг айниқса, топ-жамоаларга қарши ўйинлари таҳсинга сазовор – Манчестер клублари, «Арсенал» ва «Тоттенҳэм» мағлуб этилди. Сўнгги турда эса ҳатто тажовузкор «Нюкасл» ўз майдонида ўз услубида тор-мор этилди - 4:1.

Шу билан бирга айни дамда ҳам ҳар икки жамоа жуда яхши спорт формасида эканини ҳам таъкидлаш керак. «Ноттингҳем» охирги 9 ўйинда 8 ғалаба ва бир марта «Ливерпул» билан дурангга эришди. «Борнмут»нинг мағлубиятсиз серияси эса 11 учрашувга етган. Албатта, ушбу ўйинни ўтказиб юбориш мумкин эмас.

Шу ўринда Ираолага тан бериш учун яна бир сабаб шуки, «Борнмут» мана шундай натижаларга таркибда 10 футболчи жароҳат туфайли ёрдам бера олмаётган пайтда рўй бермоқда. Теверние, Смит, Хилл, Араухо, Сенеси, Эванилсон, Унал, Синистерра каби футболчилар турли даражадаги жароҳатлар туфайли, сўнгги ўйинларни ўтказиб юбордилар ва ушбу ўйинда ҳам шерикларига ёрдам бера олишмайди. Меҳмонлар сафида эса Каллум Хадсон-Одоининг майдонга тушиши сўроқ остида. У ўтган турда кичик жароҳат туфайли биринчи таймдаёқ майдонни тарк этганди.

Биринчи даврадаги учрашув, шунингдек, ўтган мавсумда Бормунтда кечган ўйинда ҳам бир хил – 1:1 ҳисоби қайд этилганди.

АТЛЕТИКО – ВИЛЯРРЕАЛ (25 январ, 20:15)

Ўтган турда «Леганес» «Атлетико»нинг 15 ўйиндан иборат ғалабали сериясига чек қўйди. Умуман «Леганес» хавфли рақиб экани, улар ҳатто «Барселона»ни ҳам сафарда мағлуб этганини яхши эслаймиз. Аммо бу сафар мадридликлардан чинакамига омад юз ўгирди ҳам. «Атлетико» шу ўйиннинг ўзида бешта ўта хавфли вазиятни голга айлантира олмади. Юқорида эсланган сериядаги ғалабалар ичида чинакамига омад кулиб боққанлари ҳам борлигини инобатга олсак, мантиқан ҳаммаси тўғри бўлди дейиш ҳам мумкин. Шуниси аниқки, «Атлетико» ҳали ҳам чемпионлик пойгасида ва «Реал»дан атиги 2 очко ортда бормоқда холос.