Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Трамп Ғазо аҳолисини кўчирмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп Ғазо секторидан фаластинлик қочқинларни Миср, Иордания ва бошқа араб давлатларига кўчиришни таклиф қилди. DW хабарига кўра, Трамп Иордания қироли Абдулла II ва Миср президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисий билан бу мавзуда музокара олиб борган.

«Мен қирол Абдуллага кўпроқ қочқинларни қабул қилишини сўрадим, чунки Ғазо секторида ҳозир ҳақиқий тартибсизлик ҳукм суряпти. Биз шунчаки барқарорликка эришмоқчимиз», деган Трамп.

Трамп шунингдек, Миср раҳбари билан ҳам бу масалада гаплашмоқчи эканини таъкидлади. Унинг фикрига кўра, Миср 1,5 миллионгача фаластинлик қочқинларни қабул қилиши мумкин.

Иордания қироли Абдулла II мамлакатининг фаластинлик қочқинларга кўрсатаётган ёрдами учун Трамп томонидан олқишланди. Бироқ Миср расмийлари Ғазо қочқинларини қабул қилишдан бош тортиб келмоқда.

ҲАМАС ўз кучини тикламоқда

ҲАМАС 15 ойлик уруш давомида ўз қудратини қайта тиклаб, 10-15 минг янги аскар жалб қилди. Бу ҳақда Reuters АҚШ Конгрессидаги манбаларига таяниб хабар бермоқда.

Исроил ва ҲАМАС ўртасида 15 январдан кучга кирган сулҳ бир ойлик музокаралар натижасида эришилди. 15 ойлик қирғинбарот уруш Ғазо секторида катта вайронагарчиликларга сабаб бўлди, кўплаб ҳудудлар харобага айланди.

АҚШнинг собиқ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, ҲАМАСнинг кучларни тез қайта тиклаш қобилияти можарони чўзиб юбориши мумкин.

«Ҳар бир ўт очишни тўхтатиш фақат ҲАМАСга қайта ташкилланиш учун вақт беради ва урушни бутунлай якунлашни қийинлаштиради», — деди у.

ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти вакили Абу Убайда ҳам 2024 йил июлида бир неча минг янги аъзолар жалб қилинганини тасдиқлаган эди. Аммо манбаларга кўра, янги аъзоларнинг кўпчилиги ёш, тажрибасиз ва асосан бошланғич вазифаларга жалб қилинган.

Беларусдаги президентлик сайловлари