Томонлар Қорақалпоғистон Республикаси ва Манғистау вилояти ўртасида туризм соҳасида жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган қўшма лойиҳалар хусусида фикр алмашди.
Рашит Мустапаев "Атамекен" тадбиркорлар миллий палатаси вилоятдаги турли соҳаларда фаолият олиб борувчи хусусий тадбиркорлар билан яқиндан ҳамкорлик қилишини таъкидлаб, Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги ва мамлакатда хусусий бизнесни қўллаб-қувватлаш учун яратилган имкониятларни юқори баҳолади.
Манғистау вилояти аҳолиси орасида Ўзбекистон тиббий туризмига қизиқиш юқорилиги қайд этилди. Ушбу жиҳат эътиборга олиниб, ўзбек тадбиркорлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда мазкур ҳудудда тиббиёт клиникалари ва марказларини очиш имкониятини кўриб чиқиш таклифи билдирилди.
Учрашув якунида икки томонлама алоқаларни янада ривожлантириш бўйича мулоқотни давом эттириш тўғрисида келишиб олинди.
















