Жаҳон | 00:17 / 29.01.2025
3428
2 дақиқада ўқилади

Макрон Луврга янги кириш жойи қуришга ва «Мона Лиза»ни кўчиришга ваъда берди

Ўтган ҳафта Лувр директори маданият вазирига мактуб йўллаб, музей ёмон аҳволга келиб қолганидан шикоят қилганди. Франция президенти Эммануэл Макрон Луврга ташриф буюриб, музей рестраврация қилиниши билдирди.

Фото: AP

Франция президенти Эммануэл Макрон 28 январ куни Луврга ташриф буюриб, музейда айрим ўзгаришларни амалга оширмоқчи эканини маълум қилди.

«Лувр реставрация қилинади ва кенгайтирилади», — дейди Франция етакчиси.

Макрон Маданият вазирлиги «қурилиш ишларини режалаштириш лойиҳасига 10 миллион евро инвестиция киритишини» эълон қилди.

Франция президентига кўра, Перро колоннадаси орқали «янги катта кириш» йўли қурилади. Шунингдек, Макрон Леонардо да Винчининг «Мона Лиза» полотносини Луврдаги «махсус жойга» кўчиришни режалаштирганини маълум қилди — бу картинани музейдаги бошқа коллекциялардан алоҳида томоша қилиш имконини беради.

Бундан ташқари, у маданият вазири Рашида Датидан ЕИ таркибига кирмайдиган давлатлардан келган хорижлик ташриф буюрувчилар учун «нисбатан юқори табақалаштирилган нархларни» жорий этишни сўради. Чипталарнинг янги нархлари 2026 йил 1 январдан тадбиқ этилади.

Президентнинг ҳисоблашича, Лувр янгилангандан кейин у ерга ҳар йили 12 миллион киши ташриф буюра олади. 2024 йилда музейга қарийб 9 миллион киши келган.

Ўтган ҳафта Лувр директори Лоранс де Кар музей биноси авариявий ҳолатда эканлиги боис Франция Маданият вазирлигига мурожаат қилганди. Музей раҳбари маданият вазири Рашида Датига йўллаган мактубида «Лувр хоналарининг аҳволи ҳақида, уларнинг айримлари жуда ёмон ҳолатда экани» тўғрисида маълумот берган.

 

 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид