Туркиядан олинадиган ҳарбий дронлар, прокуратура назоратига ўтган яшил энергия, нархларни асоссиз оширган 1300 та дорихона ва Фарғона вилоятидаги янги олийгоҳлар — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон Туркиядан янги ҳарбий дронлар сотиб олади

Ўзбекистон Туркиянинг ANKA SIHA ҳарбий учувчисиз қурилмаларини сотиб олиш бўйича келишув имзолагани айтилмоқда. Туркиянинг TUSAŞ ширкати тез орада ушбу дронларни етказиб беришни бошлайди.

ANKA дрони 30 соатгача ҳавода қолиш ва 350 кг юк кўтариш қобилиятига эга. Очиқ маълумотларга кўра, унинг экспорт нархи 25 млн доллардан ошади. Ушбу қурилмалардан айни пайтда Жазоир, Қозоғистон, Тунис ва Индонезия армиялари ҳам фойдаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 2023 йилда BAYRAKTAR TB2 дрони парвозини кузатган ва 2024 йил июн ойида Туркиянинг KAAN қирувчи ҳарбий учоғи тақдимотида иштирок этган. Туркия билан ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақида музокаралар давом этмоқда.

ИИВ рўйхатидан жой олган 800 минг фуқаро

Ички ишлар вазирлиги ҳуқуқбузарлик содир этиши ёки ўзгаларга жабр етказиши эҳтимоли бўлган 800 мингдан ортиқ шахс рўйхатини тузди. ИИВ фуқаролар қайси мезонлар асосида бу рўйхатга киритилганини аниқ очиқламаган.

АОКАда ўтказилган брифингда ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти матбуот котиби Музифа Султонова берган маълумотга кўра, бундай фуқароларнинг 588 минг нафарига ҳуқуқий хулоса берилиб, 400 минг нафарининг муаммолари ҳал қилинган. Бу ишлар профилактика инспекторлари ва маҳалла еттилиги томонидан амалга оширилган.

2025 йилда Фарғона, Андижон, Наманган, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 419 та криминоген маҳалла учун 84 та ҳуқуқ-тартибот маскани очилади. Кейинчалик бу тажриба республиканинг бошқа ҳудудларига ҳам жорий этилади.

Яшил энергия ишлаб чиқариш прокуратура назоратида

Ўзбекистонда 2025 йилда аҳоли, кичик бизнес ва ижтимоий соҳа объектлари истеъмол қиладиган электр энергиясининг 40 фоизи қайта тикланувчи энергия манбалари ҳисобига қопланиши режалаштирилган.

Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов маълумотига кўра, бу мақсадда қуёш батареялари ва сув иситкичлари ўрнатилади. Ушбу чора ишлаб чиқариш таннархини пасайтиришга ҳам хизмат қилади.