Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги уруш оқибатлари

Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2023 йил октябридан буён Ғазода давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар 38 минг 400 болани ота-онасиз қолдирди.

Вазирлик вакили Зоҳир ал-Воҳидийга кўра, 32 минг 151 бола отасини, 4 минг 417 бола онасини йўқотган. 1918 бола эса ҳам отаси, ҳам онасидан айрилган. Шунингдек, 13 минг 901 аёл бева қолган.

Исроилнинг ҳужумлари натижасида фаластинлик 2092 оила бутунлай йўқ қилинган, уларнинг фуқаролик рўйхатидан ҳам номлари ўчган.

Расмий маълумотларга кўра, 47 минг 300 фаластинлик, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган. Шу билан бирга, 10 мингдан ортиқ киши вайроналар остида қолган бўлиб, уларни қидириш ишлари давом этмоқда.

«Ҳизбуллоҳ»: Исроил 1350 марта шартларни бузди

«Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Қосим ўз чиқишида Исроилнинг жанубий Ливандан қўшинларини олиб чиқиш муддатини узайтириш таклифини рад этди.

«Шартнома муддати якшанба куни тугади ва уни узайтириш учун ҳеч қандай асос йўқ», — деди у. Қосим Исроилни 1350 марта отишни тўхтатиш шартларини бузганликда айблади.

Унинг сўзларига кўра, «Ҳизбуллоҳ» Ливан ҳукумати илтимосига биноан, Исроилнинг ҳужумларига жавоб қайтармай турибди. Шунингдек, у Исроил ҳаракатлари оқибати учун масъулият БМТ, АҚШ, Франция зиммасида эканини таъкидлади.

Ливан соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, якшанба ва душанба кунлари Исроил ҳужумлари натижасида 24 киши ҳалок бўлган, 141 киши яраланган.

Трамп Суриядан қўшинларни олиб чиқадими?

АҚШ президенти Доналд Трамп Суриядаги ҳарбий ҳозирлигини кескин камайтиришни режалаштирмоқда. Исроилнинг Kan телеканали манбаларига кўра, Вашингтон бу ҳақда Тел-Авивни хабардор қилган.

Ҳозирда Сурияда тахминан 2000 нафар америкалик аскар жойлаштирилган. АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши Исроил хавфсизлигига таҳдид солиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Шунингдек, Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац Аш-Шайх тоғида Исроил қўшинлари Сурияда «муддатсиз» қолишини маълум қилди.