Исроил ҳарбийлари ўз қўшинларини олиб чиқиб кетиши керак бўлган Ливан жанубида жойлашган Айтарун аҳоли пунктидаги уйларни ёқиб, ўт очиш режимини бузди, деб хабар беради Anadolu Ajansi.

Исроил қўшинлари мазкур аҳоли пунктидан чиқиб кетиб, унинг назоратини Ливан армияси ихтиёрига бериши кутилмоқда. Аммо ўн кундан буён Ливан армияси исроиллик ҳарбийлар томонидан кўрсатилаётган қаршиликлар туфайли ҳудудга кира олмаяпти. Айни вақтда Исроил ҳарбий техникалари ёрдамида тўсиб қўйилган йўлларни очиш ишлари амалга оширилмоқда.

Исроил қўшинлари тўлиқ чиқиб кетиб, вазият барқарорлашмагунга қадар аҳолининг Айтарунга қайтиши тақиқланган.

2024 йил 27 ноябр куни Ливан ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш келишувига эришилган бўлиб, унинг доирасида исроиллик ҳарбийлар 60 кун ичида Ливан жанубидаги эгалланган ҳудудлардан чиқиб кетиши керак эди. Аммо Исроил томони Ливан армияси минтақага «тўлиқ жойлашмаганини» маълум қилиб, ҳудудни тарк этиш муддатини 18 февралга қадар узайтирган.

Аввалроқ Ливан парламенти овоз беришнинг иккинчи турида армия бош қўмондони Жозеф Аунни мамлакат президенти этиб сайлангани тўғрисида хабар берилганди.