Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги уруш қурбонлари

Исроилнинг Ғазодаги 15 ойлик ҳужумларида ҳалок бўлганлар сони 61 минг 709 нафарга етди. Бу ҳақда Ғазо ҳукумати медиа-бюроси раҳбари Салом Маъруф хабар берган.

Сўнгги аниқлаштирилган маълумотларга кўра, Исроилнинг 471 кун давом этган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлган 61 минг 709 фаластинликларнинг 17 минг 881 нафари болалардир. Бу ҳисобга қўйилган 14 минг кишининг жасади вайроналар остида қолиб, ҳозирча бедарак йўқолган.

Марказий «Шифо» касалхонаси ҳовлисида ўтказилган матбуот анжуманида Маъруф 111 минг 588 нафар киши жароҳатланганини таъкидлади. Шунингдек, 1155 тиббиёт ходими, 205 журналист ва 194 фуқаролик мудофааси ходими ҳалок бўлгани айтилди.

Унга кўра, Исроил ҳужумлари сабабли 2 млн киши ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган. Уларнинг айримлари камида 25 марта бошпанасини алмаштирган. Ғазода 9268 та оила бутунлай йўқ қилинган, 292 оиланинг барча аъзолари ҳалок бўлган.

Вашингтонда Ғазо бўйича музокаралар

Исроил ва Қатар ўртасида Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва маҳбуслар алмашинуви бўйича иккинчи босқич музокаралари 3 феврал куни Вашингтонда бошланади. Бу ҳақда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг девонхонаси маълум қилди.

Нетаняҳу кеча, 2 феврал куни Вашингтонга учиб кетиши олдидан АҚШ президенти Доналд Трампнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Виткофф билан учрашди. Томонлар Исроил позициясини муҳокама қилиш ҳамда Қатар ва Миср делегациялари билан маслаҳатлашувлар ўтказишга келишиб олдилар.

Музокаралардан аввал Виткофф Қатар бош вазири ва ташқи ишлар вазири Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний ҳамда Миср расмийлари билан учрашиб, жараённи илгари суриш учун зарур бўлган қадамларни муҳокама қилади.

Яқин Шарққа беқарорлик келтираётган АҚШ

ҲАМАС раҳбарларидан бири Сами Абу Зуҳрий АҚШнинг фаластинликларни Ғазодан кўчириб юбориш ҳақидаги доимий баёнотлари Исроилнинг жиноятларига шерик эканини тасдиқлашини билдирди.

«Фаластинликларни Ғазодан мажбурий кўчириш лойиҳалари ақлга зид ва ҳеч қандай ҳуқуқий асосга эга эмас. Босқинчи Исроил бунга зўравонлик билан эришолмади ва сиёсий найранглар билан ҳам ўз мақсадларига ета олмайди», — деди у.