Ўзбекистонда «Ҳалол» белгисига рухсат, 80 минг доллар билан қўлга тушган мутахассис, ЙПХ ходими устига машина ҳайдаган ҳайдовчи ва дунё кезаётган ўзбек сайёҳ блогерлари — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган долзарб ва муҳим Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистонда «Ҳалол» белгисига рухсат берилди

Ўзбекистонда 2025 йил 1 майдан Ислом мамлакатлари стандартлари ва метрология институти (SMIIC) талабларига мувофиқ сертификатланган маҳсулот ва хизматларга «Ҳалол» белгиси қўйишга рухсат этилди.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорга кўра:

  • «Ҳалол» талабларига мувофиқ маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тартиби жорий этилади;
  • Сертификатлаштирилган маҳсулотлар даврий баҳоланади;
  • Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ва Дин ишлари бўйича қўмита «Ҳалол» талабларига мувофиқ сертификатлаштиришни назорат қилади.

Шунингдек, «Ҳалол» белгисининг расмий шакли ва ўлчамини белгилайдиган стандарт лойиҳа ишлаб чиқилади. Қарор расмий эълон қилинган санадан 3 ой ўтиб, яъни 1 майдан кучга киради.

ДХХнинг Хоразм ва Фарғонадаги коррупцияга қарши тезкор тадбирлари

Хоразм вилояти Транспорт бошқармаси бош мутахассиси 80 минг доллар пора олган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди.

ДХХ маълумотига кўра, у тадбиркорнинг ишончига кириб, Урганчдаги 960 квадрат метр ер майдонини кадастр идораларидаги танишлари орқали унинг номига расмийлаштириб бериш ва кўп қаватли турар жой қуриш учун ҳужжатларни тайёрлаш эвазига 135 минг доллар талаб қилган. Шунинг 80 минг долларини олган пайтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш моддалари бўйича иш қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Фарғона вилоятида ҳам коррупция ҳолати аниқланган. Ёзёвон туманининг Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бош мутахассиси қурилиш пудратчиси учун рейтинг балларини ошириш ва тендерга тақдим қилиш мақсадида сохта ҳужжатлар тайёрлаб бериш эвазига 8700 доллар олган вақтида ушланган. Бу ходимга нисбатан ҳам жиноят иши очилган.