Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроил армияси Ғарбий соҳилдаги Жанийн қочқинлар лагерини вайрон қилишда давом этмоқда. Ўтган кунлар ичида қатор маҳаллалар йўқ қилинди, минглаб фаластинликлар бошпанасиз қолди. Жанийн мэри буни сўнгги 20 йилдаги энг катта фожиа деб атади.

Жанийнда Исроил икки ҳафта аввал махсус операция бошлаган ва уни Эронга алоқадор гуруҳларга қарши кураш деб атамоқда. Бироқ Тел-Авив бу борада ҳеч қандай далил тақдим этганича йўқ. Ҳужумларда 30 дан ортиқ киши, асосан аёллар ва болалар ҳалок бўлган.

Исроилнинг танк ва булдозерлари кўчаларни вайрон қилди, уйлар портлатилди. БМТ маълумотларига кўра, Жанийндаги 3490 та оиладан атиги 100 таси қолган. Ташкилот бу ҳолат Ғазодаги муваққат тўхташ жараёнига хавф солишини ва янги кескинликка сабаб бўлиши мумкинлигини огоҳлантирмоқда.

Исроил ҳарбийлари Тубас ва Тулкармда ҳам рейдлар ўтказмоқда. Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, йил бошидан буён Ғарбий соҳилда 70 киши ҳалок бўлган, шулардан 38 нафари Жанийнда ўлдирилган.

Фаластинликлар буни янги Нақба — 1948 йилдаги катта қочқинлик фожиасининг такрори, деб баҳоламоқда.

Трампнинг Ғазо бўйича режаси танқид остида

АҚШ президенти Доналд Трамп Фаластин аҳолисини кўчириб юбориш ва Ғазони назоратга олиш нияти борлигини билдирди. Бу эса халқаро майдонда қаттиқ танқидларга сабаб бўлди.

Ар-Риёд Фаластин давлатини тузмасдан Исроил билан муносабатлар нормаллаштирилмаслигини яна бир бор таъкидлади. Фаластинликларни мажбуран кўчириш мумкин эмаслигини қайд этди.

Расмий Москва Трамп режасини «коллектив жазо» деб баҳолаб, Ғазо ва Ғарбий соҳилни босиб олиш халқаро ҳуқуқни бузишини таъкидлади.

Пекин фаластинликларни мажбуран кўчиришга қарши эканини билдирди ва икки давлат принципига асосланган музокараларни қайта бошлашга чақирди.

Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан режани «ноқонуний» деб атади ва Анқара Исроилга қарши чораларни қайта кўриб чиқишини билдирди.

Лондон «икки давлат ечими» тарафдори эканини ва Фаластин халқининг ўз тупроғида яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилишини билдирди.