Жаҳон | 17:48 / 07.02.2025
3953
2 дақиқада ўқилади

Анқарада қалбаки алкоголдан 33 киши вафот этди

Шунингдек, яна 20 киши заҳарланиш аломатлари билан жонлантириш бўлимида қолмоқда.

Фото: AFP

Анқара губернатори Восип Шаҳин Туркия пойтахти вилоятида қалбаки спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида 33 киши вафот этганини маълум қилди.

«Қалбаки алкогол истеъмоли оқибатида 33 киши вафот этди, 20 киши жонлантириш бўлимида қолмоқда», — дейди Шаҳин.

Амалдорнинг таъкидлашича, бозорда қалбаки алкогол пайдо бўлишига оид вазият юзасидан ўтказилган тергов давомида «32 киши ушланган, уларнинг 13 нафари ҳибсда қолмоқда».

Шаҳин шунингдек, жамоатчиликни қалбаки спиртли ичимликларни сотаётганлар тўғрисида хабар беришга чақирган.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонасининг маълум қилишича, элчихона билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар натижасида вафот этганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари йўқлиги аниқланган.

«2025 йил январ ойидан бошлаб мутасадди ташкилотлар томонидан Туркиянинг барча вилоятларида текширувлар ўтказилиб, катта миқдорда сохта спиртли ичимликлар ва техник спиртлар мусодара қилинди. Шу муносабат билан бир нечта шахсларга нисбатан жиноий иш очилди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, январ ўрталарида Истанбулдаги тиббиёт муассасаларига қалбаки алкогол таркибидаги метанолдан заҳарланган 90 га яқин одам мурожаат қилгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор бўлиб, сўнгги маълумотларга кўра, спиртли ичимликдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 23 кишини ташкил этмоқда. Баъзи Ўзбекистон фуқаролари заҳарланган бўлса-да, уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, шифохонага бормаган ҳолатлар ҳам аниқланган. Мазкур ҳолатга алоқадорликда айбланиб, икки нафар Туркманистон фуқароси қўлга олинган ва уларга нисбатан жиноят иши очилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид