Президент матбуот хизматига кўра, маданий дастурда ТДТга аъзо мамлакатлар делегациялари раҳбарлари ва уларнинг рафиқалари қатнашди.

Дастлаб етакчилар Анқарадаги «Бештепа» мажмуасида Туркий давлатлар цивилизацияси боғини очди. Боғдаги миллий павильонларда анъанавий ўтовлар ва халқ амалий санъати намуналари намойиш этилмоқда. Улар туркий халқларнинг тарихи, маданияти, меъморий мероси, илм-фан соҳасидаги ютуқлари ва бугунги тараққиётини акс эттиради.

Давлат раҳбарлари туркий халқларнинг қадимги ёзма ёдгорлиги — Ўрхун битиклари нусхаси билан ҳам танишди. Шу ерда миллий ўйинлар, камончилар ва тарихий либослардаги жангчиларнинг чиқишлари бўлиб ўтди. Шундан сўнг етакчилар эман кўчатлари экди.

Кейин меҳмонлар Malazgirt марказига ташриф буюрди. Марказ номи туркий халқлар тарихида муҳим ўрин тутган, 1071 йил 26 августда бўлиб ўтган Малазгирт жанги билан боғлиқ.

Бу ерда чавандозлар, акробатлар ва каскадёрлар иштирокида эпик томоша намойиш этилди. Томошада ташкилотга аъзо мамлакатлардан келтирилган отлар ҳам қатнашди.



















