Тажриба тариқасида ижарачиларнинг мустақиллиги ва юқори қўшилган қийматли экинларни етиштиришга асосланган қишлоқ хўжалиги ер участкаларини ажратишнинг янги тизими жорий этилмоқда.
Бунда ер участкалари контурлар яхлитлиги ва суғориш тизимини бузмаган ҳолда 3 гектардан 50 гектаргача бўлган ўлчамларда E-auksion савдо платформасида электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйилади.
Ҳар бир лот ҳужжатларида, кейинчалик – ер участкаларининг ижара шартномаларида қуйидагилар мажбурий тартибда кўрсатилади:
- ер участкасининг норматив қиймати ва тупроғи бонитет балли;
- тупроқ таркиби ва сифати таҳлили натижалари, ўрганиш вақти;
- алмашлаб экишга тавсия этиладиган асосий ва такрорий экинлар турлари;
- сув билан таъминлаш усуллари, давлат томонидан кафолатланган йиллик сув етказиб бериш лимитларининг энг паст ва энг юқори даражалари;
- даланинг четларида (муҳофаза зонасидан ташқари) ижарага берилган контур майдонининг 1 фоизидан ошмайдиган, 20 сотихдан кўп бўлмаган қисмида қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштиришни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган ер тузилиши лойиҳаси.
Электрон онлайн-аукцион савдоларида барча жисмоний ва юридик шахслар (резидентлар), шу жумладан хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар қатнашиши мумкин. Бунда аукцион ғолиби кейинчалик ер участкаси жойлашган вилоятда (Қорақалпоғистонда) юридик шахс ташкил этиши ёки ўз юридик манзилини ушбу ҳудудга ўзгартириши лозим.
Электрон онлайн-аукцион савдоларида бошланғич нарх ер участкасининг норматив қийматининг 50 фоизи миқдорида белгиланади. Сотилмаган лотлар ҳар беш кунда лот қийматидан 10 фоиздан бошланғич нархнинг 20 фоизигача босқичма-босқич камайтириш билан такрорий аукционга қўйилади.
Бундан ташқари, янги тизим доирасида электрон онлайн аукцион ғолиби – ижарачи Ер кодексида белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан бирга қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади:
- ер участкасидан 49 йил давомида ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш, шунингдек кейинчалик ижара муддатини узайтириш;
- қишлоқ хўжалиги экинларининг турлари, навлари ва ҳажмларини мустақил белгилаш;
- ижара шартномаси бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини ижара муддати давомида бошқа шахсга бепул ёки ҳақ эвазига ўтказиш (қайта ижарага бериш), ер участкасини субижарага бериш – Ер кодексига мувофиқ ва бошқалар.
















