Жаҳон | 11:11 / 07.02.2025
8614
6 дақиқада ўқилади

“Тегирмондан бутун чиққан” одам – дунёдаги энг омадли инсон ҳақидаги ҳикоялар ёлғонми?

Хорватиялик Фране Селак дунёдаги энг омадли одам деб ном олган. У ўтирган поезд ағдарилган, у кетаётган машина ҳалокатга учраган. Селак парвоз қилаётган самолётдан тушиб кетган. Уни машина уриб юборган. Бироқ Селак ҳар гал омон қолган. Кимлардир у бошидан ўтказган ҳодисаларни тўқима дейди. Бошқалар эса ишонади. Нима бўлганда ҳам бу шахс энг омадли инсон номини олган.

Бу дунёда инсонлар омад деб атайдиган ҳодисалар тез-тез содир бўлади. Бундай кишини хурсанд қилувчи ишлар кимлардадир доим такрорланиб туради. Хорватиялик Фране Селак ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади.

1960 йиллардан 1980 йилларгача бу инсон жуда кўп марта бахтсиз ҳодисаларга дуч келади ва ҳар гал омон қолади. Шу сабабли ҳам уни “Дунёдаги энг омадли шахс” деб аташади.

1929 йилда туғилган Фране Селак узоқ йиллар давомида мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишлаган. Бу инсон жуда кўп марта ўлимдан қолгани ҳақида ҳикоялар мавжуд. Кимлардир уларни тўқима дейди, бошқалар эса ишонади.

Википедияда Фране Селак ҳақида 19 та тилда маълумот борлиги эътиборга олинса, у ўз ҳикояларини тўқиган бўлса ҳам анча машҳур инсон. Қуйида Фране бошдан кечирган турли кўнгилсиз ҳодисалар ва ҳалокатлар ҳақида гаплашамиз.

Биринчи ҳодиса

1962 йилда Фране Селак Босния пойтахти Сараево шаҳридан Хорватиянинг Дубровник шаҳрига бориш учун поездга ўтиради. Поезд тор дара ичидан кетиб бораётиб, кўприкларнинг бирига келганда релсдан чиқиб кетади ва дарёга қулайди. Ўшанда анча одам ҳалок бўлади.

Иллюстратив фото

Франенинг айтишича, ўшанда уни номаълум одам қутқариб, сувдан олиб чиққан. У билан бирга кетаётган 17 киши чўкиб, ҳалок бўлган. Франенинг қўли синган холос.

Иккинчи ҳодиса

1963 йилда Фране Хорватия пойтахти Загреб шаҳридан Адриатика денгизи бўйида жойлашган Риека шаҳрига бориш учун Douglas DC-8 самолётига чиқади.

Парвоз пайтида самолётнинг эшиги қўққисдан очилиб кетади ва унинг яқинида ўтирган Фране пастга қулайди. У қулагандан сўнг самолёт ҳалокатга учраб, 19 киши ҳалок бўлади.

Фране эса тепадан пичан ғарами устига тушади ва тирик қолади. Ўшанда ҳатто унинг ҳеч қаери синмайди. Бир неча жойи тирналади холос.

Иллюстратив фото

Кейинчалик Фране ўшанда самолётдан ўзи билан бирга стюардессалардан бири ҳам қулаб тушиб, дарахт шохига илиниб қолганини ва қизни қутқарганини айтиб берган.

Кўпчилик бу ҳикояга умуман ишонмайди. Чунки 1963 йилда Риека шаҳрида аэропорт умуман бўлмаган ва бу шаҳарга самолётлар учмаган. Риекадаги аэропорт 1970 йилда қурилган.

Учинчи ҳодиса

1966 йилда Фране Хорватия жанубидаги Сплит шаҳрига бориш учун автобусга ўтиради. Автобус дарё ёқасидаги йўл бўйлаб кетаётганда пастга қулайди.

Ўшанда 4 киши ҳалок бўлади. Фране эса амаллаб қирғоққа чиқиб олади.

Иллюстратив фото

Тўртинчи ҳодиса

1970 йилда Фране билан навбатдаги кўнгилсиз ҳодиса содир бўлади. У шосселарнинг бирида кетаётганида машинасида ёнғин келиб чиқади.

Фране дарҳол машинани тўхтатиб, ўзини пастга отади ва ундан узоқлашади. Шу пайтда олов машинанинг ёқилғи сиғимига етиб боради ва у портлайди. Ўшанда Фране бир неча сония кечикканда портлаб кетиши ҳам мумкин эди.

Бешинчи ҳодиса

1973 йилда Фране яна автомобил билан боғлиқ ҳодисага дуч келади. Ўшанда ёқилғи сиғимига қуйилган сифатсиз бензин туфайли ёқилғи насоси портлайди.

Шунда ёқилғи сиғимидан келаётган бензин двигател атрофига сочилади ва кучли ёнғин содир бўлади.

Олов вентиляция тешикларидан машина салонигача кириб келади ва Франенинг сочлари бутунлай куйиб кетади. Ўшанда у бошқа жароҳат олмаган.

Олтинчи ҳодиса

1995 йилда Загреб кўчаларининг бирида Франени автобус уриб юборади. Ўшанда яна омади келган хорват енгил жароҳат олади холос.

Еттинчи ҳодиса

1996 йилда Фране “Шкода” машинаси билан тоғнинг тор йўлида кетаётганида бурилиш жойида рўпарасидан БМТга тегишли юк машинаси келаётганини кўради.

У муқаррар тўқнашувдан қочиш мақсадида машина чамбарагини буриб юборади. “Шкода” йўл четидан чиқиб, жарликка қараб кетади.

Фране сўнгги сонияларда машинадан сакрайди ва жарлик четидаги дарахтга осилиб қолади. Машина 90 метр чуқурликка тушиб парчаланиб кетади ва ёқилғи сиғими портлайди.

Ўша воқеадан кейин Фране Селак бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга ва ҳалокатларга дуч келмайди.

Фране Селак юқоридаги ҳодисаларни атрофидагиларга кўп марта ҳикоя қилиб берган, бироқ ҳеч ким уларга ишонмасди.

Бироқ 2002 йилда содир бўлган бир ҳодисадан сўнг ҳамма Франега ишона бошлайди. У омма орасида машҳур инсонга айланади. Ундан интервью олиш учун маҳаллий ва хорижий телеканаллар мухбирлари келишади.

Миллион доллар ютуқ

2002 йилда 73 ёшга тўлганидан уч кун ўтиб, Фране Селак лотереядан 900 минг евро (ўша пайтдаги курс бўйича 1,1 млн доллар) ютиб олади.

У ютуқни олгач ўзига иккита уй ва қайиқ сотиб олади. 2010 йилда у қолган пулнинг асосий қисмини қариндошлари ва дўстларига тарқатади. Яна бир қисмини хайрия қилади. Сўнг хотини билан камтарона ҳаёт кечиради. Фране 2016 йилда 87 ёшида вафот этган.

Фране Селакнинг биронта ҳикоясини тасдиқлашнинг имкони бўлмаган. Улар чиндан содир бўлганми йўқми аниқ ҳам эмас. Бироқ у ана шу ҳикоялари билан машҳур бўлган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид

Эълонлар

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Орзуни амалга ошириш фурсати етди: саёҳат учун муносиб маскан

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери