Тошкент ҳавоси ифлосланалаётган омиллар ва уни қандай қилиб яхшилаш бўйича иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов VatandoshTV клуби тадбирида тақдимот қилди. Мақоладаги маълумотлар Абдулаҳатов тақдимотидан йиғилди. Материал илмий тадқиқот институти нуқтаи назарини англатмайди.

Шамол коридорлари тўсиб қўйилган

Дарё мавжуд бўлган дараларда шамол йўли коридори ҳосил бўлади. Бу ўз-ўзидан шамолни чақирувчи сув обьектлари ҳисобланади. Тошкент шаҳрида шамолнинг асосий йўналишлари шимолий шарқдан, жануби ғарбга томон бўлган. Бу йўналишдаги шамол дарё ирригация тизимининг тартибли жойлашуви туфайли пойтахтда йиғилган ифлос моддаларни ташқарига олиб кетган.

Пойтахт ва унинг атрофидан ва ичидан оқиб ўтувчи дарёлар харитаси

Сўнгги йилларда канал ва дарё бўйларида, яъни муҳофаза-минтақа зоналарида қурилиш объектларининг ҳаддан ташқари ошиб кетиши, шу билан бирга, атмосфера ҳаво айланиши жараёнлари шамол тезлиги ва шамол йўналишини ўзгартирган. Натижада шаҳарда йиғилган заҳар ташқарига чиқиб кетолмаяпти.

Шамол йўналиши ва тезлиги ҳам ўзгарган

1950-80 йилларда шамол асосан Қибрай, Келес томон ёки Қозоғистондан кириб келган. Ва унинг тезлиги ҳам секундига 2-3 метр бўлган. Бу шаҳарнинг 2 метр баландлигида йиғилган заҳарли ҳаво ташқарига чиқиб кетиш имконини берган.

2020 йилда эса шамол гули ўз йўналишини шарққа, яъни Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон саноатлашган шаҳарлар томонга ўзгартирган. Шамолнинг ғарб, яъни Қозоғистондан эсиши ҳам кучайган. Қўшни ҳудуддаги Чордара сув омбори атрофидаги суғориладиган ер майдонлари ўзлаштиргани ҳисобига ердан чанг массалари кўтарилиб, Тошкентга кириб келяпти.

Шамол тезлигининг йил давомида ўзгариб бориши

Ўтган асрда ўртача йиллик шамол тезлиги 1,7 метр секунд бўлса, ҳозир 1,4 метр секундга тушиб қолган. Ярим метр секунд шамол тезлигининг пасайиши пойтахтга турли томонлардан ифлослантирувчи моддаларнинг кириб келиши ва шамолсиз кунларнинг кўпайишига замин яратди.