Ўзбекистон | 13:11 / 13.02.2025
2755
2 дақиқада ўқилади

310 та спорт мактаби миллий жамоаларнинг “селекция базаси”га айланади

Спорт бошқармалари бошлиқларига шахсий масъулиятини оширишга қаратилган уч ойлик синов тайинланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида спорт масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказиляпти.

Олимпия ва Паралимпия ўйинларида спортчиларнинг муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун жойлардаги 310 та спорт мактаблари миллий терма жамоаларнинг “селекция базаси”га айланади.

Барча вилоятлардаги спорт бошқармалари бошлиқлари ҳамда барча спорт мактаблари директорларининг фаолиятини тубдан кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Спорт бошқармалари бошлиқларига шахсий масъулиятини оширишга қаратилган уч ойлик синов тайинланди.

Мутасаддиларга ҳар бир мактаб бўйича аниқ мақсадларни белгилаб, уч йиллик дастур қилиш топширилди.

Жисмоний тарбия университети, Нукус, Фарғона, Самарқанд каби спорт факултети бўлган олийгоҳлар профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлари, битирувчи курс ва магистратура талабаларининг олти ойга спорт мактабларига бириктириш амалиёти йўлга қўйилади.

Улар диплом иши ва диссертацияларини бевосита жойлардаги муаммолардан келиб чиқиб ёзиши ва уларга амалий ечим бериши муҳимлиги таъкидланди.

Олийгоҳ ректорлари янги методика ва ёндашувларни бевосита шу ерда жорий қилиб, спорт мактабларини дуал таълимнинг илмий-амалий базасига айлантиради.

Мавзуга оид