Қонунчилик палатаси мажлисида «Миграция соҳасидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда туризмни ривожлантириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида чет эл фуқароларининг Ўзбекистонга кириши ва мамлакатда бўлиши билан боғлиқ тартиб-таомиллар соддалаштирилмоқда.

Ҳозирда 80 дан ортиқ давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш тартиби амал қилади, шунингдек, электрон виза бериш механизми йўлга қўйилган. Натижада 2026 йилнинг дастлабки беш ойида мамлакатга келган хорижий туристлар сони 27 фоизга ўсиб, 5,5 млн нафарга етган.

Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар меҳмонхона, мотель, туристик лагер, дам олиш уйи ва зоналари, санаторий, даволаш пансионати, давлат ва хусусий клиника, шифохона ҳамда бошқа тиббиёт муассасаларига жойлашганда, улар қабул қилувчи ташкилот томонидан келган вақтида рўйхатга олиниши керак.

Бироқ амалиётда айрим ташкилот ва муассасалар хорижликларни белгиланган тартибда турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказмаслик ҳолатларига йўл қўяётгани қайд этилган.

Шу муносабат билан қонун лойиҳасида бундай ташкилотларнинг жавобгарлигини кучайтириш, жумладан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳақидаги маълумотларни E-mehmon ахборот тизимига киритмаслик учун жавобгарликни ошириш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, амалдаги қонун ҳужжатларини 2025 йил 10 июлда қабул қилинган «Ўзбекистон фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқлаштириш назарда тутилган.

Хусусан, фуқароларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ атама, тушунча ва ҳуқуқий механизмлар бирхиллаштирилади. Амалдаги қатор кодекс ва қонунлардаги «доимий яшаш жойи» ва «вақтинчалик яшаш жойи» тушунчаларини тегишинча «яшаш жойи» ва «турган жойи» атамалари билан алмаштириш кўзда тутилмоқда.

Муҳокама якунида депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.