Ўзбекистон | 16:34 / 14.02.2025
2323
2 дақиқада ўқилади

«Мен буюк эл фарзандиман» умуммиллий ҳаракати йўлга қўйилади

Кексалар иштирокида «Аждодлар меросига муносиб авлод» ғояси остида ёшларни бирлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади.

Президент Шавкат Мирзиёев ёшлар билан мулоқот қилди. Йиғилишда мафкуравий хавф-хатарлар аллақачон кибермаконга кўчиб ўтгани қайд этилди.

Шу муносабат билан ёшларимизда интернетдан фойдаланиш маданиятини янада юксалтириш, улар ёлғон маълумотлар қурбонига айланиши, дунёқараши салбий ғоялар таъсирида шаклланишининг олдини олиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Ёшларнинг маънавий тарбияси ва мафкуравий иммунитетини кучайтириш, уларни ёт ғоялардан асраш ҳар бир одамнинг вазифасига айланиши шартлиги таъкидланди.

Шу боис мутасаддиларга ёшларнинг мафкуравий хавфсизлигини таъминлаш, уларни дардига малҳам бўлиб, муаммосини ҳал қилиб, турли ғоявий хуружлардан асраш, зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш ишларини кучайтириш топширилди.

Илм-фан ва таълим йўналишидаги фойдали маҳаллий интернет ресурслари реестри шакллантирилиб, улардан бепул интернет тармоғи орқали фойдаланиш йўлга қўйилиши айтилди.

Қайд қилинишича, кексалар иштирокида «Аждодлар меросига муносиб авлод» ғояси остида ёшларни бирлаштириш бўйича янги тизим жорий этилади. Шунингдек, ёшларда ватанпарварлик ҳиссини ошириш мақсадида «Мен буюк эл фарзандиман» умуммиллий ҳаракатини йўлга қўйиш бўйича ёшларнинг ташаббуси қўллаб-қувватланди.

Ёшлар маънавиятини юксалтиришда бадиий адабиётнинг роли жуда катта экани таъкидланди. Бундан қирқ йил олдин устоз шоир Эркин Воҳидов ташкил этган «Ёшлик» журнали фаолиятини кучайтириб, уни яна ёшларимиз севиб ўқийдиган журналга айлантириш муҳимлиги таъкидланди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид