Ўзбекистон | 18:19 / 15.02.2025
5202
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Кувайтга боради

Давлат раҳбари 17-18 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади. Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражада икки томонлама музокаралар ҳамда ушбу мамлакат ҳукумати аъзолари, етакчи компаниялари ва банк-молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Кувайт амири Шайх Мишъал Ас-Сабоҳ таклифига биноан 17-18 февраль кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Ташриф дастурига мувофиқ, Ал-Кувайт шаҳрида олий даражада икки томонлама музокаралар ҳамда ушбу мамлакат ҳукумати аъзолари, етакчи компаниялари ва банк-молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтади.

Бўлажак саммит кун тартибидан Ўзбекистон-Кувайт дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, савдо, инновациялар, инвестиция ва молия, «яшил» энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа устувор йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олиши кўзда тутилган.

Маданий-гуманитар ва туризм алмашинувини кенгайтириш масалалари ҳам диққат марказида бўлади. Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайт етакчилари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб жиҳатларини кўриб чиқади.

Музокаралар якунида қатор қўшма ҳужжатлар ва битимлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид