Сўнгги ойларда бир қанча таҳлилчилар ва командирлар фронтдаги қисмлар ўртасидаги мувофиқлаштириш етишмаётгани ҳақида шикоят қилиб, бу мудофаа чизиғини ёриб ўтишда муваффақиятсизликларга олиб келаётганини таъкидлашган. Корпуслар жорий этилиши бу муаммоларни ҳал этишга ёрдам бериши мумкин.

3 феврал куни президент Володимир Зеленский ва Украина қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский ушбу стратегик ислоҳот ҳақида расман эълон қилди.

Бу ўзгаришлар моҳиятини тушуниш учун ҳарбий фанга бироз чуқурроқ назар ташлаш, шунингдек, ҳарбий тарихни эсга олиш лозим. Наполеон армияси тажрибаси, шунингдек, Украина қуролли кучларида яқин ўтмишда бўлган армия корпуслари тузилмасини ўрганиш бу борада аҳамиятли бўлади.

Бундан ташқари, шундай ҳарбий бирлашмалар Россия томонидан Украинага қарши узоқ вақтдан буён фаол равишда қўллаб келинмоқда.

Ҳозирги шароитда армия корпуслари қандай аҳамият касб этади ва Россия-Украина урушида улар қандай рол ўйнаши мумкин? BBC бу борада таҳлилий мақола эълон қилди.

Армия корпуси ўзи нима?

Ҳарбий назарияга кўра, армия корпуси бир нечта дивизия (ҳозир Украина қуролли кучларида улар йўқ) ёки бригадалардан иборат доимий тузилма ҳисобланади. Шунингдек, корпус таркибига разведка, артиллерия, ҳаво ҳужумидан ҳимоя, инженерлик бўлинмалари, алоқа, логистика каби қисмлар ҳам киради.

Ҳарбий тузилмалар шажарасида корпус дивизия (ёки бригада) ва армия ҳамда армия гуруҳи ўртасида жойлашади.

Украина қуролли кучлари 72-механизацялашган бригадаси

Бу оператив-тактик даражадаги тузилма бўлиб, у тактик даражада (взвод ёки баталйонлар даражасида) жангларни бошқариш ваколатига эга эмас, бироқ стратегик даражада – катта ҳарбий кампанияларни ёки бутун урушни бошқариш билан ҳам шуғулланмайди.

Корпуснинг асосий вазифаси — маълум бир ҳудудда бригадалар ва дивизиялар ҳаракатларини мувофиқлаштириш, уларни жанг майдонидаги вазиятдан келиб чиқиб, ресурслар билан таъминлашдир. Корпус таркибига иккитадан бештагача бригада ёки дивизия кириши мумкин, ҳарбий хизматчилар сони эса 10 мингдан 50 минггача ёки ундан ҳам кўпроқ бўлиши мумкин. Бу кўрсаткич мамлакат, қўшин тури ва қўйилган вазифаларга боғлиқ.