Шавкат Мирзиёев 19 феврал куни Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд, мамлакат бош вазири Муҳаммад Ол Сауднинг саломи ва самимий тилакларини етказди. Вазир, шунингдек, подшоҳнинг кўп миллатли Ўзбекистон халқига ҳадяси – муқаддас Каъба ёпинчиғи кисванинг бир парчасини топширди.

Ўзбекистон етакчиси ўз навбатида Саудия Арабистони раҳбариятига бебаҳо туҳфа ҳамда зиёратчиларнинг мусулмон дунёси марказлари — Макка ва Мадинада бўлиши учун яратилган имкониятлар ва қулай шароитлар учун чуқур миннатдорлик билдирди. Қайд этилишича, биргина ўтган йилнинг ўзида 800 мингдан зиёд Ўзбекистон фуқароси Умра зиёратини, 15 минг нафари Ҳаж ибодатини адо этган.

Суҳбат чоғида ўзбекистонлик зиёратчиларга шарт-шароитлар ва кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш, уларнинг Саудия Арабистонига ташрифи хавфсиз ва қулай бўлишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.