Европа давлатлари АҚШ Европадан ҳарбий хизматчилар ва ҳарбий техникани олиб чиқиб кетиши, шунингдек, Украина ва умуман Европа хавфсизлигининг асосий кафили ролидан воз кечиши мумкинлигидан хавотирда.

Financial Times мақоласида айтилишича, Европа давлатлари олдида бир нечта устувор вазифалар турибди: мудофаа харажатларини ошириш, ҳаво ҳужумидан мудофаани кучайтириш, ҳозирда АҚШ томонидан тақдим этилаётган логистика ускуналари ва бошқа ёрдамчи техникани алмаштириш, шунингдек, Европа қўшинларининг жанговар тайёргарлигини ошириш ва самарали ядровий тийиб туришни қўллаб-қувватлаш.

Сўнгги кунларда Европада қайта қуролланиш бўйича мунозаралар кескин фаоллашди. Financial Times маълумотларига кўра, расмийлар миллий ҳарбий бюджетларни қандай ошириш ва қўшма мудофаа лойиҳаларини таъминлаш учун янги молиявий механизмларни топишни муҳокама қилмоқда.

Бундай лойиҳалар орасида журналистлар умумевропа ҳаво ҳужумидан мудофаа қалқони ва транспорт тизимлари, жумладан, ҳозирда АҚШ томонидан тақдим этилаётган самолётларни келтиришади. Бундан ташқари, НАТО вакилларининг сўзларига кўра, Европада узоқ масофали қуроллар учун ўқ-дорилар етишмаяпти.

Агар Европа керакли ресурсларни топа олса, бу «ўйин қоидаларини сезиларли даражада ўзгартириш» бўлади, дейди НАТО бош котибининг мудофаа инвестициялари бўйича собиқ ёрдамчиси Камил Гранд. Бундай ҳолда, Европа АҚШ ёрдамисиз деярли барча ҳарбий вазифаларни бажариши мумкин бўларди.

«Улар [АҚШ]ни бежиз алмаштириб бўлмайдиган иттифоқчи деб аташмайди, — деди нашрга Европа давлатларидан бирининг ташқи ишлар вазири. — Уларсиз биз ҳеч қандай мураккаб ҳарбий амалиётларни ўтказа олмаймиз, ҳатто оддий вазифаларни ҳам ҳал қила олмаймиз».

Европа расмийларини хавотирга солаётган саволлардан бири — АҚШ ўз ҳарбийларини Европадан қисман ёки тўлиқ олиб чиқиб кетса, нима қилиш керак? Ҳозир Европанинг бир қанча мамлакатларида АҚШнинг 90 минг ҳарбийси жойлаштирилган. Хусусан, Financial Times билан суҳбатлашган расмийлар ва таҳлилчилар Трамп 2022 йилда Россия-Украина уруши бошланганидан кейин АҚШ Полша, Руминия, Латвия, Литва ва Эстонияга юборган 20 минг америкалик аскарни олиб чиқиб кетишидан хавотирда.

Трамп Украина бўйича эҳтимолий тинчлик келишуви доирасида АҚШнинг барча қўшинларини Европадан олиб чиқиб кетмоқчи эмаслигини айтганди. «Ҳеч ким буни сўрамаяпти, шунинг учун биз буни қилишимиз керак деб ўйламайман. Мен бундай қилишни истамасдим. Аммо бу масала ҳеч қачон кўтарилмаган», —  деди АҚШ президенти 18 феврал куни Флоридадаги Мар-а-Лагодаги қароргоҳида журналистлар олдида чиқиш қиларкан.