Жанубий Корея шаҳарлари сунъий интеллект соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашга тобора кўпроқ эътибор қаратмоқда. Мамлакатнинг турли жойларида ихтисослаштирилган таълим марказлари ва янги ўқув дастурлари очилмоқда, деб хабар берди The Korea Times.

Сеулда рақамли жиноятларга қарши курашиш учун интернетда тақиқланган контентни кузатиб борувчи сунъий интеллект тизими жорий этилгандан сўнг, бундай контентлар сони кескин камайди. Тизимнинг муваффақияти давлат хизматчиларининг сунъий интеллект технологияларига бўлган қизиқишини оширди: ўтган йили шаҳар хизматчиларининг аввалги йилга нисбатан уч баробар кўпроғи сунъий интеллектдан фойдаланишни ўрганди. Сеул мэри сунъий интеллектни барча соҳаларга: иқтисодиёт, транспорт, ижтимоий таъминот, соғлиқни сақлаш ва бошқаларга жорий этиш режаларини маълум қилди. Бунинг учун шаҳар ҳокимияти қўшимча ўқув курслари ташкил этмоқда.

Кёнгидо провинцияси 2029 йилгача технология соҳасидаги таълим ташаббусларини амалга ошириш учун 496 миллиард вон (тахминан 341,5 миллион АҚШ доллари) маблағ сарфлашни режалаштирмоқда. Лойиҳа доирасида ҳар йили 11 000 киши таълим олиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг 6000 нафари сунъий интеллект, катта ҳажмли маълумотлар, ярим ўтказгичлар ва биотехнологиялар бўйича малака оширади.

Жанубий Кореянинг иккинчи йирик шаҳри Пусанда 2022 йилдан бери Рақамли инновациялар академияси фаолият юритади. Ушбу академия 2026 йилгача 10 000 нафар IT-мутахассис тайёрлашни мақсад қилган. Дастур маҳаллий университетлар ва илмий-тадқиқот марказлари негизида амалга оширилмоқда. У барча тайёргарлик босқичларини, яъни бошланғич даражадан тортиб юқори малакали мутахассислик даражасигача бўлган таълимни ўз ичига олади.

Тегу метропол шаҳри таълим бошқармаси сунъий интеллект технологияларини ўргатиш марказини ташкил этиб, унинг қурилишига 4,5 миллиард вон (3,1 миллион доллар) маблағ сарфлади. Марказда катта ҳажмли маълумотлар, сунъий интеллектни бошқариш, виртуал ва кенгайтирилган реаллик соҳалари бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.

Тежонда эса тўртта шаҳар мактаби сунъий интеллектга ихтисослашган таълим муассасаси мақомини олди, яна 20 та мактаб сунъий интеллект дастурлари учун синов майдончаларига айланди.

Соҳадаги муаммолар

Кореялик экспертлар муваффақиятларни эътироф этиш билан бирга, ушбу ташаббусларни амалга оширишдаги муаммоларни ҳам кўрсатиб ўтмоқда. Корея сунъий интеллект таълими ассоциацияси президенти, профессор Мун Хён Намнинг сўзларига кўра, асосий қийинчилик — малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги. Унинг таъкидлашича, кўплаб сунъий интеллект инструкторлари, айниқса катта аудитория билан ишлайдиганлар ўзлари махсус маълумотга эга эмас ва сунъий интеллект воситаларини етарли даражада билмайди.