Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазода оммавий депортация?

Исроил армияси Ғазо секторида таҳдидли варақалар тарқата бошлаган. Middle East Eye манбасига кўра, бу руҳий босим ва аҳолини қўрқитишга қаратилган.

Варақаларда фаластинликларнинг оммавий кўчирилиши «муқаррар» экани, Ғазо аҳолиси тақдирига на АҚШ, на Европа ва на араб давлатлари қизиқиш билдираётгани таъкидланган.

Бир варақада шундай ёзилган: «Агар бутун Ғазо халқи ер юзидан йўқолса, дунё харитаси ўзгармайди».

Шунингдек, Исроил инсонпарварлик ёрдами эвазига аҳоли билан «ҳамкорлик» қилишни талаб қилмоқда.

Трамп вакилидан ҲАМАСга огоҳлантириш

АҚШ президенти Доналд Трампнинг гаровга олинганлар масалалари бўйича махсус вакили Адам Бёлер ҲАМАС ҳаракатини Ғазода сақланаётган асирларни озод қилишга чақирди. Унга кўра, агар ҳаракат гаровга олинганларни қайтармаса, йўқ қилиниш хавфи остида қолади.

Бир кун аввал ҲАМАС Исроилга 4 нафар гаровга олинганларнинг жасадларини топширган эди. Уларнинг орасида икки бола, уларнинг онаси ва кекса эркак борлиги айтилганди. Аммо Исроил бу даъволарни рад этиб, болаларнинг онаси жасадлар орасида йўқлигини маълум қилди. ҲАМАС буни текширишини ва хатолик бўлган бўлиши мумкинлигини айтди.

Ҳозирда Исроил ва ҲАМАС ўртасида 19 январдан кучга кирган сулҳ битими амал қилмоқда. Биринчи босқичда ҲАМАС 1500 нафар фаластинлик маҳбусларга алмашув сифатида 33 нафар исроиллик гаровдаги шахсларни озод қилиши керак. Кейинги босқичларда яна алмашинувлар ва Ғазо секторини тиклаш жараёни кузатилмоқда.

Трамп 9 майда Москвага келадими?

Франциянинг Le Point журнали маълумотларига кўра, АҚШ президенти Доналд Трамп 9 май куни Москвада бўлиб, Владимир Путин билан учрашиши мумкин. Баёнотга кўра, улар шу куни Украина урушига нуқта қўядиган келишувни имзолашни режалаштирмоқда.

Вашингтон ҳозирча расман бу маълумотни тасдиқламади, бироқ давлат котиби Марко Рубио Россияни «жаҳондаги барқудрат давлат» деб атаб, Москва билан муносабатларни яхшилаш зарурлигини таъкидлади.