Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Фаластин маъмурияти Ғазода мактабларни қайта очишга қарор қилди. 16 ойлик ҳарбий ҳаракатлардан сўнг, 23 феврал куни ўқувчилар яна дарсларга қайтиш имконига эга бўлди.

Фаластин Таълим вазирлиги таъкидлашича, дарслар сақланиб қолган ва таъмирланган мактабларда, шунингдек, вақтинчалик ўқув масканларида ташкил этилади. Онлайн таълим ҳам йўлга қўйилади, бу эса босиб олинган ҳудудлардаги ўқувчиларга ўқишни давом эттириш имконини беради.

Бироқ вазият оғир: мактаб бинолари вайрон бўлган, ўқув материаллари етишмайди. Вазирлик халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларини Ғазога таълим ресурсларини етказиш учун Исроилга босим ўтказишга чақирди.

Ғазо секторида 19 январда эълон қилинган ўт очишни тўхтатиш режимига қарамай, қурбонлар сони ортишда давом этмоқда. Охирги 24 соат ичида икки фаластинлик ҳалок бўлган, улардан бири вайроналар остида қолиб кетган.

7 октябрдан буён Исроил ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлганлар сони 48 минг 348 кишига етди, яраланганлар сони эса 111 минг 761 нафарни ташкил этмоқда. Ҳалок бўлганларнинг катта қисми аёллар ва болалар экани қайд этилган.

Сурияда миллий мулоқот конференцияси

Сурияда миллий бирдамлик ва тикланиш йўналишидаги энг йирик анжуман — «Сурия миллий мулоқоти» конференцияси мамлакат пойтахти Дамашқда старт олди. Унда 600 дан ортиқ делегат иштирок этмоқда. Бу тадбир Суриядаги 13 йиллик фуқаролик урушидан сўнг мамлакатни бирлаштириш йўлидаги катта қадам сифатида баҳоланмоқда.

Президент Аҳмад Ал-Шаръа очилиш маросимида давлатнинг ягона ҳарбий назорати лозимлигини таъкидлар экан, «Қурол бир қўлда, давлат қўлида жамланиши – бу нафақат эҳтиёж, балки бурчдир», деди.

Конференция Сурияда тинчлик ва қайта тикланишни таъминлаш мақсадида ўтказилмоқда. Ал-Шаръа халқни бирлашишга ва мамлакатни тиклаш йўлида ҳамкорликка чақирди: «Биз биргаликда юртимизнинг битмас-туганмас дардларига малҳам бўлишимиз керак», деди у.

Путиннинг Трампга таклифи

Россия президенти Владимир Путин Доналд Трамп маъмуриятига Россияда нодир металлар қазиб олиш бўйича ҳамкорлик таклиф қилди. Унга кўра, Россияда бу ресурслар Украинага нисбатан бир неча баравар кўп, уларни ўзлаштириш учун катта инвестиция талаб этилади.