Навоий вилояти ЙҲХБ Қизилтепа туманида бешта транспорт воситаси иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, 24 феврал куни Қизилтепа тумани Тошработ қўрғони «Қалъаи Азизон» МФЙ ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига эга 4R-63 автомобил йўлининг 68-69-километрлар оралиғида Н.У. исмли ҳайдовчи Malibu русумли автомашинасида ички кўчадан ҳаракатланиб чиқаётиб, биринчи даражали йўлдан келаётган Nexia-3 русумли автомашинаси билан тўқнашув содир этган.

Натижада, ушбу машиналар йўлнинг чекка қисмида турган Damas, Nexia-3 ҳамда Lacetti русумли автомашиналарга келиб урилган.

Ўрганишлар давомида ушбу ЙҲТ оқибатида бирор-бир фуқаро тан жароҳати олмагани аниқланган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Қизилтепа туман ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Андижонда иккита Nexia-2, Labo ва SWM G01 транспорт воситалари иштирокида авария содир бўлгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкент шаҳрида ҳам Malibu-2, Cobalt, BYD ва Onix транспорт воситалари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси юз берган эди.