Президент Шавкат Мирзиёев мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш, шунингдек, Ляонин педагогика университетининг Ўзбекистондаги филиали фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тақдимотлар билан танишди.
Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси портретида билим билан бир қаторда замонавий кўникмалар, ахборот технологияларини пухта эгаллаш, ижодий ва мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш қобилияти муҳим ўрин тутади. Дарсликлар ва таълим мазмунини янгилаш ишлари ана шу мақсадга қаратилган.
Янги ўқув адабиётларини тайёрлашда халқаро тажрибага мурожаат қилинди. Бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилди.
Янги ёндашувда ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилиб, мавзуларнинг ёшга мослиги, изчиллиги ҳамда билимни амалиётда қўллаш имкониятига эътибор қаратилади. 2027 йилга қадар жами 1 минг 342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материални тайёрлаш режалаштирилган.

Дарсликларда танқидий фикрлаш, мулоқот, ҳамкорлик ва ижодкорлик кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қиладиган топшириқлар ўрин олмоқда. Бола тайёр жавобни эслаб қолиш билан чекланмай, савол бериши, маълумотни таҳлил қилиши, ўз фикрини асослаши ва биргаликда ечим топиши кўзда тутилган.
Ўқув материалларида касбга йўналтириш ҳам алоҳида ўрин эгаллайди. Айни йўналишда 255 та дарс ишлаб чиқилган бўлиб, улар болаларга ўз қизиқишларини англаш ва келгусида касбни онгли танлашга ёрдам беришга қаратилган. Дарсликлардаги қаҳрамонлар орқали дўстлик, масъулият, жасорат ва ҳурмат каби қадриятлар ҳам болаларга яқин мисолларда очиб берилади.
Экологик саводхонликка оид 300 дан ортиқ мавзу сувни тежаш, табиатни асраш ва табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Молиявий саводхонлик бўйича пулни ҳисоблаш, тежаш, жамғариш ҳамда харидни режалаштириш, рақамли саводхонлик бўйича эса интернетдан фойдали ва хавфсиз фойдаланиш масалалари қамраб олинган.
Тақдимотда янги дарсликларнинг самараси ўқитувчининг улар билан ишлашга тайёрлигига бевосита боғлиқ эканига алоҳида эътибор қаратилди. Шунинг учун ўзгаришлар мактабгача таълимдан бошлаб педагогларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва ўқувчилар билимини баҳолашгача бўлган жараённи қамраб олмоқда.





















