АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет Россияга қарши киберҳужумларни тўхтатишни буюрди, деб хабар бермоқда Американинг қатор оммавий ахборот воситалари ўз манбаларига таяниб. Буйруқ тафсилотлари номаълум, бироқ журналистлар уни Россия ва АҚШ ўртасидаги ҳозирги музокаралар ва Доналд Трампнинг Россия-Украина урушида ярашувга эришиш истаги билан боғламоқда.

Ҳегсет Россияга қарши киберҳужумларни тўхтатишга буйруқ бергани ҳақида охирги бўлиб New York Times газетаси ёзди, ушбу нашр вазиятдан хабардор бўлган учта аноним манбага ҳавола берган.

Нашр маълумотларига кўра, янги кўрсатмалар АҚШ киберқўмондонлигига мамлакат президенти Доналд Трамп журналистлар кўз ўнгида Украина етакчиси Володимир Зеленский билан тортишиб қолишидан олдинроқ берилган.

Бундай буйруқ ҳақида биринчи бўлиб The Record нашри хабар берди. Унинг хабарида Пентагон раҳбари АҚШ киберқўмондонлиги бошлиғи генерал Тимоти Ҳога тегишли кўрсатмалар бергани айтилган. У, ўз навбатида, бу кўрсатмаларни ташкилотнинг операцион директори, денгиз пиёдалари корпуси генерал-майори Райан Ҳеритежга топширган.

Ҳегсет буйруғининг тафсилотлари номаълум.

Аммо Washington Post амалдаги ва собиқ мулозимларга таяниб ёзишича, киберҳужумлар АҚШ ва Россия ўртасидаги музокаралар вақтида тўхтатилган. Қўмондонликка янги кўрсатмалар «яқин келажак»да амал қилиши айтилди, дея хабар бермоқда The Record манбалари.

The Record манбалари, шунингдек, Киберқўмондонлик Ҳегсет учун «хавфларни баҳолаш»ни бошлаганини айтди. Ушбу турдаги ҳисобот буйруқ олинганини тасдиқлайди, қарор натижасида тўхтатилган жорий миссияларни санаб ўтади ва Россиядан ҳали ҳам сақланиб қолаётган таҳдидларни батафсил тавсифлайди.

Пентагон изоҳ беришдан бош тортган. «Мудофаа вазири Ҳегсет учун барча операцияларда, жумладан, кибермакондаги операцияларда ҳам жангчилар хавфсизлигидан муҳимроқ нарса йўқ», — дейилади вазирлик хабарида.

Нозик музокаралар вақтидаги одатий амалиёт

Киберҳужумлар ва киберҳимоя ўртасидаги чегара кўпинча ноаниқ бўлади, дея таъкидлайди NYT ўз материалида.

Тўхтатилган киберҳужумлар уруш акти сифатида баҳоланиши мумкин бўлган даражада тажовузкор эмас, дея тушунтирди WP нашрига расмийлар.

Масалан, Россия тармоқларида аниқланган зарарли дастурларни АҚШга қарши ишлатишдан олдин фош қилиш ёки ўчириб қўйиш; ҳакерларнинг ўз ҳужумлари учун тайёрлаши мумкин бўлган серверларга киришини блоклаш; ёки Америкага қарши пропаганда билан шуғулланувчи сайт фаолиятини бузиш.