BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Россия-Украина фронтида нималар содир бўлаётгани ҳақида қисқача шарҳ берди.
Якунланган ҳафта давомида Россия қўшинлари турли ҳудудларда, айниқса Донецк ғарбида ҳужумларни фаол давом эттирди. Великамихайловск йўналишида улар Мокрие Яли дарёси шимолига, Курахово йўналишида эса Константинопол шаҳрига ёриб ўтишга ҳаракат қилишди.
Россиянинг ҳужум амалиётлари бошқа участкаларда ҳам давом этди – Харкивдан шарқда Купянск ва шимоли-шарқда Вовчанск ҳудудларида, Донецкдан шимолда Лиман ва Северск ҳудудларида, Краматорскдан жануби-шарқда Часив Яр ҳудудида, Покровск ҳудудида, Запорижжядан жануби-шарқда Орихив ҳудудида, шунингдек, Курск областида.
Аксарият йўналишларда рус қўшинларининг олдинга силжиши куз-қиш кампаниясидагига қараганда арзимас даражада бўлмоқда. Америка Урушни ўрганиш институти (ISW) 5 март кунги ҳисоботида Россия армиясининг бутун фронт чизиғидаги тасдиқланган муваффақиятларини топмади.
Шу билан бирга, кўплаб манбалар, жумладан, россияликлар ҳам Донецк ғарби ва шимолида Украина қуролли кучлари фаоллашгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлади.

Давомли қарши ҳужумларда Украина қўшинлари Покровскка ҳужум қилаётган Россия бўлинмаларини бироз ортга чекинтириб, ўз позицияларини тиклашга муваффақ бўлган.
Украина қуролли кучларининг қарши зарбалари географияси эътиборга молик – шаҳарнинг ғарбий (Котлино, Удачне, Новосергийивка, Успеновка ҳудудида) ва шарқий (Воздвиженка ва Водяное Второе ҳудудида) қанот чизиқлари бўйлаб, шунингдек, жанубда – Дачанское ва Шевченко қишлоқлари ҳудудида.
«5 март куни эълон қилинган геолокация кадрлари Россия қўшинлари Шевченко шарқида (Покровскдан жанубда) Украина зирҳли машиналарига зарба бераётганини кўрсатмоқда, бу эса Украина кучлари яқинда бу ҳудудда олдинга силжиганини кўрсатади», – деб ёзади ISW.
Украина қўшинлари яна бир қарши зарбани Торецкда берди. Тўлиғича Россия армияси назоратига ўтгандек кўринган шаҳар яна жанг майдонига айланди – Украина бўлинмалари шаҳарга ёриб киргани ва деярли Торецк марказида отишмалар бўлгани хабар қилинган.
Россия мудофаа вазирлиги 7 феврал куни Торецк эгаллаб олинганини эълон қилганди (Россия ҳарбий идораси маълумотларида Украинанинг бу шаҳри эски номи билан Дзержинск деб аталган). Бироқ, Украина қуролли кучлари шаҳар чеккаларини назорат қилишда давом этди ва феврал ойи охирида украин ҳарбийлари яна Торецк марказига кирди. «Медуза»нинг сўнгги ҳарбий ҳисоботида




















