Украина учувчисиз учоқлари 11 март, сешанбага ўтар кечаси Россия Федерациясининг бир қанча ҳудудларига йирик ҳужум уюштирди.

Москвада ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 69 та дронни уриб туширди, дрон қолдиқлари Домодедовская кўчасидаги бино томига кичик зарар етказди, деди Россия пойтахти мэри Сергей Собянин. Mash Telegram-канали хабарига кўра, бинонинг юқори қаватлари шикастланган — зарба тўлқини бир нечта деразаларни синдириб ташлаган. Шунингдек, дронларнинг Москва яқинидаги Видное ва Раменскоедаги турар жой биноларига урилгани ҳақида хабарлар бор. Тахминларга кўра, ҳужум "Лютый" типидаги учувчисиз учоқ томонидан амалга оширилган, деб ёзади Mash.

Москва области губернатори Андрей Воробев уч кишининг ўлими ҳақида маълум қилди. «Коломна, Зарайск, Серебрянние Пруди, Серпухов, Раменское, Воскресенск, Луховици, Бронници, Домодедово, Ленинское, Подолск, Электростал ва Котелникидан учувчисиз учоқлар ҳақида хабарлар келиб тушди», — деди Воробев.

УУА бўлаклари Домодедово темирйўл станцияси ҳудудига тушиб, йўлнинг бир қисмига зарар етказди. Домодедово раҳбари Евгения Хрусталева Домодедово вокзалидан Москва ва минтақа томон поездлар ҳаракати тўхтатилганини маълум қилди.

«Ковер» режаси Внуково, Жуковский ва Домодедово аэропортларида жорий этилди. Кейинроқ Росавиация Нижний Новгороддаги Стригино аэропортида чекловлар киритилгани ҳақида хабар берди. Липецк, Брянск ва Белгород областларида ҳам ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг ишлаши қайд этилган.

Минтақа раҳбари Павел Малков ўзининг Telegram-каналида Рязан области осмонида дронларнинг йўқ қилингани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, қурбонлар ва инфратузилмага зарар етмаган. ASTRA Telegram-канали гувоҳларга таяниб, Украина қуролли кучларининг Рязан областидаги нишони "Дягилево" ҳарбий аэродроми бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзмоқда.

Аввалроқ Курск области аҳолиси ижтимоий тармоқларда УУА ҳужуми туфайли камида бешта портлаш содир бўлгани ҳақида хабар берган эди. Минтақа губернатори вазифасини бажарувчи Александр Хинштейн 10 март куни кечқурун Беловский райони Белая посёлкасидаги «Добрыня» савдо марказига ракета зарбаси берилгани ҳақида хабар қилди. Зарба натижасида тўрт киши ҳалок бўлди, яна тўққиз киши турли даражадаги оғирликдаги жароҳатлар олди. Украина томони савдо марказига қилинган ҳужумга изоҳ бермади.