K гуруҳи

Англия — Албания 2:0
Голлар: Люис-Скелли (20), Кейн (77). 
Англия — Пикфорд, Уокер, Конса, Берн, Люис-Скелли (Жеймс, 90), Райс (Ҳендерсон, 82), Жонс (Рожерс, 74), Фоден (Боуэн, 74), Беллингҳэм, Рэшфорд (Гордон, 74), Кейн. 
Албания — Стракоша (Кастрати, 82), Баллиу, Айети, Жимсити, Аллийи, Аслани, Рамадани, Лячи (Паязити, 78), Асани (Хожа, 78), Байрами (Броя, 63), Узуни.
Огоҳлантириш: Жимсити (32).

Англия миллий жамоаси Миллатлар лигасининг ўтган мавсумида муваффақиятсизликка учрагани мухлислар учун фойдали бўлди. Агар ўша фиаско бўлмаганида жаҳон чемпионатининг Европа бўйича саралаш турнири стартини кўпчилик сезмай ҳам қоларди. Ҳозирда Европа миллий жамоаларининг кўпчилиги Миллатлар лигаси билан банд, бу турнирда чоракфиналлар ва дивизионлар оралиғидаги ўтиш ўйинлари бўлиб ўтмоқда. Ўз-ўзидан, саралаш турнирини фақат омадсиз жамоалар ва B, C ва D дивизионлари ғолиблари бошлаб беришди. Очилиш ўйини — Кипр ва Сан-Марино ўртасида ўтказилгани ҳам кўп нарсани англатади.

Инглизлар янги циклга янги мураббий билан киришди. Европа чемпионатининг қаторасига икки финалини бой берган Гарет Саутгейт ярим йил муқаддам жамоани тарк этганди. Кузда жамоани Ли Карсли вақтинча бошқарди, 2025 йил январида эса бош мураббий лавозимини Томас Тухел эгаллади. Биринчи вазифа — ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритиш. Тўғридан тўғри йўлланмага эга чиқиш учун Сербия, Албания, Латвия ва Андорра жамоалари билан бир гуруҳда биринчи бўлиш керак. Гуруҳ жадвалидаги иккинчи ўрин — плей-офф турнирига олиб ўтади.

Тухел ҳимояда икки нафар дебютантни туширди. Чап қанотда 18 ёшли Майлз Люис-Скелли, ҳимоя марказида — 32 ёшли Дэн Бёрн ҳаракат қилди. «Нюкасл» ҳимоячиси 2010 йилдан буён (ўшанда Кевин Дэвис 33 ёшда эди) Англия миллий жамоасидаги энг катта ёшли дебютант бўлди. Шунингдек, Уокер ҳам илк дақиқалардан майдонда пайдо бўлиши кўпчиликни ажаблантирган бўлиши мумкин, фаолиятида пасайиш кузатилаётган ҳимоячи жароҳат туфайли сафдан чиққан Трент Александр-Арнолд ўрнига асосий таркибга қайтган. Германиялик мутахассис жамоага Ҳендерсон, Соланке ва «Астон Вилла»га ўтиб, фаолиятини тиклаётган Маркус Рэшфордни ҳам қайтарган. Ҳужум марказида эса одатдагидек Ҳарри Кейн тушди, орқароқда унга Жуд Беллингҳем ва Фил Фоден ёрдам беришди.

Биринчи бўлимнинг ўзида инглизлар энди ердан ўйнашга ўтгани кўринди, юқоридан узатмалар ҳам бўлди, аммо асосан стандарт вазиятларда. Лекин голгача (20-дақиқа) мезбонларда амалда голли вазиятлар яратилмади. Кейин эса Беллингҳем Люис-Скеллига доҳиёна узатмани амалга оширди, у эса дарвозабон билан яккама-якка вазиятдан фойдаланди ва Англия миллий жамоасининг Тухел бошқаруви давридаги илк голини урди. Шу мавсумда «Арсенал»нинг асосий таркиб футболчисига айланган ёш ҳимоячи миллий жамоадаги дебют ўйинида гол уриб, тарихга кирди. Бунгача «уч шерлар» тарихидаги ҳеч бир дебютант бу қадар ёшлигида (18 ёшу 176 кун) илк голини нишонламаган.