Тошкентликларнинг севимли минерал суви қаерга ғойиб бўлди? Бу сув қаердан олинади ва қандай фойдали хусусиятларга эга? Тошкент суви қачон сотувга чиқарилади?
“Toshmineralsuv Bottler” МЧЖ директори Рустамбек Қаҳҳорбеков шу ва бошқа саволларга жавоб берди.

— Рустамбек Улуғбекович, Тошкент минерал сувининг пайдо бўлиш тарихини айтиб берсангиз.
— Тасодифий нарсалар энг севимли бўлиб қолади, деган гап бор. Тошкент минерал суви ҳам худди шундай. 1952 йилда геологлар Тошкентдан тахминан 20 км шимолда жойлашган Келес бекати ҳудудида қидирув қудуқларини бурғилашди. 1371 метр чуқурликдан нефт ёки газ эмас, иссиқ сув отилиб чиқди. Москвада ўтказилган таҳлиллар ушбу сув таркибида инсон саломатлиги учун фойдали бўлган кўплаб микроэлементлар мавжудлигини аниқлади. Шу йилнинг ўзида ЎзССР раҳбарияти Тошкент вилоятида мазкур сувнинг хусусиятларига асосланган балнеологик шифохоналар қуриш тўғрисида қарор қабул қилди. Тошкент шаҳри ва вилояти ҳудудида 9 та даволаш муассасаси барпо этилди. Улардан бири бўлган «Toshkent mineral suvlari» санаторийси бугунги кунда ҳам муваффақиятли фаолият олиб бормоқда. Ўз ҳудудида махсус сув қудуғига эга бўлган бу санаторийда кўплаб касалликлар самарали даволаниб келмоқда.
1962 йилда ЎзССР Озиқ-овқат саноати вазирлигининг ташаббуси билан учта қудуқдан Тошкент минерал ичимлик сувини идишларга қуйиш бошланди. Юмшоқ таъмли ва таркибида фойдали моддалар бисёр бўлган бу минерал сув тошкентликларга манзур бўлди. Сув шунчалик машҳур бўлиб кетдики, тошкентликлар СССРнинг бошқа шаҳарларида бўлганларида дўконлар ва ресторанларда Тошкент сувини сўрайдиган бўлишди. Ҳатто газланган ҳар қандай сувни “Тошкент суви” деб атай бошлашди.
— 1990 йиллар ўрталарида Тошкент суви сотувдан чиқиб кетди. Бунинг сабаби нимада?
— Бу кўплаб корхоналар ёпилаётган пайтлар эди. Режали тизим иқтисодиётнинг бозор моделига ўзгартирилди. Бошқа томондан, ичимликлар бозорида, шу жумладан жаҳон миқёсида янги ўйинчилар пайдо бўлди. Бизда санаторий инфратузилмасини қайта тиклаш ва Ўзбекистонга трансмиллий корпорацияларнинг кириб келиши билан боғлиқ мураккаб даврлар бошланди. Улар ўз маҳсулотлари ва улкан реклама бюджетлари билан бизнинг бозоримизга кириб келишди. Ўзбекистонликларда эса жаҳон брендларига қизиқиш бор эди. Ўйлайманки, шу сабабли узоқ вақт давомида Тошкент минерал суви фақат санаторийдаги қудуқлардан одамларга етиб борган. Бугун вазият ўзгармоқда. Истеъмолчилар аллақачон кўплаб компаниялар оддий филтрланган сувни ёки сунъий қўшимчалар қўшилган сувни қимматроқ сотиш учун сотишларини билишади. Ялтираган ҳамма нарса олтин эмас, деган тушунча пайдо бўлди. Соғлом овқатланишга бўлган талаб эса йилдан-йилга ортиб бормоқда.












