Марказий банк 2026 йил якуни бўйича инфляция прогнозини 6,5 фоиздан 7 фоизгача оширди. Бу ҳақда 4 ноябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида айтиб ўтилди, дея хабар берди Kun.uz мухбири.
Матбуот анжуманида МБ расмийларига иситиш тарифларининг 30 фоизга оширилиши ҳақидаги режалар Марказий банкнинг инфлация прогнозлари ва асосий ставка бўйича қарорларида қай даражада ҳисобга олингани ҳақида савол берилди.
Марказий банк раиси ўринбосари Нодирбек Очилов регулятор тартибга солинадиган нархларнинг эълон қилинган барча ўзгаришлар, хусусан, иссиқлик таъминоти тарифларини ҳам ҳисоб-китобларга киритганини айтди.
«Биз суюлтирилган газ бўладими ёки иситиш тарифларини оширишми, уларнинг бир марталик таъсирларини жорий прогнозда инобатга олганмиз. Келгуси йил прогнозларига ҳам эълон қилинган барча ўзгаришлар киритилган. Шу нуқтаи назардан, 7 фоиз дейилганда, барча омиллар ҳисобга олинган», — деди у.
Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғамовнинг қўшимча қилишича, иссиқ сув ва иситиш хизматлари нархлари оширилиши регуляторнинг дастлабки прогнозларида ҳам инобатга олинган бўлган, аммо нархлар кутилганидан кўпроқ кўтарилган.
«Иссиқ сув ва иситиш хизматлари нархлари оширилиши бизнинг дастлабки прогнозларимизда инобатга олиниб, йил якунига инфляциянинг прогнози 6,5 дан 7 га ошириш томонга қайта кўриб чиқилди. Бунда шу 6,5 лик прогнозда ҳам коммунал тўловлар, жумладан, иссиқ сув ва иситиш тизимларининг нархлари оширилиши инобатга олинган эди. Ҳозир эълон қилинган тарифлар сал юқорироқ бўлгани учун буларни ҳам янги прогнозларимизда ҳисобга олдик», деди Иноғамов.
Маълумот учун, Марказий банкнинг аввалги прогнозларида йил якуни бўйича инфляция даражаси 6,5 фоиз атрофида шаклланиши қайд этилганди. Сентябр якуни бўйича бу кўрсаткич 6,4 фоиз бўлган.








