2025 йилги апрел қуруқ об-ҳаво билан бошланади, дея хабар бермоқда «Ўзгидромет» агентлиги.

Ўзбекистонда, одатда, апрел ойи – баҳор фаслининг энг ўртаси бўлиб, бунда боғларда дарахтлар гуллаши, сабзавот экинлари ва резавор мевалар ҳосили шаклланишининг бошланиши давридир.

Бу йилги апрелнинг биринчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати +22…+25 даражадан +27…+30 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +32 даражагача кўтарилиши кутилмоқда. Ойнинг иккинчи беш кунлигида ҳаво ҳарорати асосан +22…+27 даражани ташкил этади.

7 апрелда республика шимолида, 8–10 апрел кунлари марказий ва шарқий ҳудудларда баъзи жойларда ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилиши мумкин.

Ойнинг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +8…+13 даражадан +2…+7 даражагача, кундуз кунлари +25…+30 даражадан +10…+15 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда.

Ўтган йилларда апрел ойи қандай ўтган?

Синоптикларга кўра, одатда, апрел ойида ҳаво ҳарорати тез кўтарилиши давом этади. Республиканинг катта қисмида ойнинг ўртача ҳарорати март ойига нисбатан 5–7 даражага юқори бўлади. Шимолда ва чўл ҳудудларида ҳаво жадалроқ исий бошлайди, бунда апрелнинг ўртача ҳарорати март ойи қийматларидан 8–10 даражага кўп бўлади.

Ўзбекистонда метеорологик кузатувлар тарихида 2022 йилнинг апрел ойи энг иссиқ бўлган (меъёрдан 3–5 даражага юқори). Ушбу асрда ҳудуднинг катта қисмида 2009 йилнинг апрели энг совуқ бўлди.

Апрелдаги ҳарорат фони кўпинча баҳорий беқарор бўлади. Ҳавони баҳорий тез исиши қисқа даврга, аммо баъзида жуда сезиларли совуқлар билан давом этади.

Энг иссиқ даврларда ҳаво ҳарорати кундуз кунлари +28…+33 даражагача кўтарилади. Мутлақ максимал ҳарорат (кузатувларнинг барча қатори учун энг юқори қийматлар) +35…+37 даражани, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражани ташкил этади.

Совуқ даврларда, март ойидаги каби тез-тез эмас, лекин баъзида тунги ҳарорат даражаси совуққача пасаяди. Апрел – йил давомида энг нам ойлардан биридир.

Ёмғир, одатда, момақалдироқ ва кучли шамоллар билан тез-тез кузатилади. Республика шимолида, энг чекка жанубида ва чўл ҳудудларда ўртача ойига 5 кундан 8 кунгача ёғингарчилик қайд этилади, тоғларга яқинроқ ҳудудларда эса ёғингарчилик кузатиладиган кунлар сони 9–13 кунгача кўпаяди.