Олмазор туманидаги Қорасарой кўчасининг Ҳазрати имом (Ҳастимом) мажмуаси ва Ислом цивилизацияси маркази қаршисидаги қисми пиёдалар сайилгоҳига айлантирилади, автомобил йўли эса ер остидан, туннел шаклида ўтказилади. 1,2 километрлик туннелнинг 800 метрлик қисми сентябргача қуриб битказилиши мумкин. Бу ҳақда Kun.uz мухбирига пудратчи Gold Step Invest вакили маълум қилди.
Туннелнинг устки қисми яшил ҳудудга айланади, деди компания ходими Нодир Шодмонов.
“Туристлар, ўзимизнинг фуқаролар келганда дам оладиган, мақбара, музейларни айланадиган жой бўлади. Ҳар хил манзарали дарахтлар экилади. Ҳозир аҳоли учун пиёдалар йўлаги қилиняпти. Махсус техникалар келишни бошлади”, – дейди Шодмонов.
Унинг қайд этишича, умумий ҳисобда 1200 метрлик туннел қуриш белгиланган. Онлайн хариталарга қараганда, Қорасарой кўчасининг Абдулла Қодирий кўчасидан Нурафшон кўчасигача бўлган оралиқдаги қисмининг узунлиги айнан шунчани ташкил этади.
1 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги айни шу оралиқда автомобиллар ҳаракати сентябр ойигача тўхтатилганини маълум қилган, сабаб сифатида “қурилиш-таъмирлаш ишлари”ни кўрсатган эди. Аммо расмий ахборотда туннел қурилиши ҳақида сўз бормаган.

Kun.uz мухбири билан қурилиш майдонида гаплашган пудратчининг вакили лойиҳа қийматидан бехабарлигини айтди. Олмазор туман ҳокимлиги бу савол ва Қорасарой кўчаси бўйида қурилаётган бошқа объектлар ҳақидаги сўровларни жавобсиз қолдирди.
Gold Step Invest ҳақида
“Gold Step Invest” МЧЖ 2024 йилда Янги Ўзбекистон кўчаси ва 4R12 автомобил йўли кесишмасида очилган туннелни ҳам қурган.















