Жаҳон | 10:00 / 14.04.2025
218
2 дақиқада ўқилади

АҚШ энергетика вазири нефт арзонлашишини ваъда қилди

АҚШ энергетика вазири Крис Райтга кўра, кейинги тўрт йилда нефт нархлари Байден давридагидан паст бўлади.

Фото: Asharq Al-Aswat

АҚШ энергетика вазири Крис Райт маълум қилишича, Трамп маъмурияти даврида энергия ресурслари нархи аввалги маъмурият давридагига нисбатан паст бўлади. Бу ҳақда у Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёддаги брифингда айтди. Унинг сўзларини Bloomberg агентлиги келтирмоқда.

«Президент Трамп раҳбарлигида кейинги тўрт йилда биз сўнгги тўрт йилга қараганда анча паст энергия нархларига гувоҳ бўламиз», — деди Райт.

Буни таъкидлар экан, вазир аниқ рақамлар ва нарх кўрсаткичларини келтирмаган.

Жо Байден маъмурияти даврида АҚШ энергетика сиёсати масаласида Саудия Арабистони билан бир неча марта зиддиятга борган. Бунинг сабаби — Вашингтоннинг нефт қазиб олиш ҳажмини ошириш ва инфляцияга қарши курашиш мақсадида нархларни пасайтириш илтимосларининг саудияликлар томонидан инкор этилиши бўлган.

Bloomberg маълумотларига кўра, 2017–2021 йилларда нефтнинг ўртача нархи бир баррели учун 83 доллар атрофида бўлган.

«Мен ҳозир нефт нархи қаерда экани ёки қайси томонга кетаётгани ҳақида изоҳ беролмайман. Аммо агар инвестициялар учун тўсиқлар камайтирилса, инфратузилмани қуриш осонлаштирилса, энергия манбалари етказиб бериш харажатлари ҳам камаяди», — деган вазир Райт.

Аввалроқ Доналд Трампнинг ҳаракатлари нефт нархини 2021 йил февралдан буён энг паст даражага туширгани маълум қилинган эди.

Мавзуга оид