Исроил ҳарбийлари ўтган ойда Ғазода фавқулодда хизматларнинг  15 нафар ходими ўлимига «оператив англашилмовчилик» ва «буйруқларга амал қилинмаслиги» сабаб бўлганини маълум қилди.

Исроил мудофаа армияси томонидан ҳодиса бўйича ўтказилган суриштирувда исроиллик ҳарбийлар томонидан йўл қўйилган қатор хатолар аниқланган.

Воқеа иштирокчиси бўлган бўлинма командири ўринбосари «суд жараёнида нотўлиқ ва нотўғри ҳисобот бергани учун» ишдан бўшатилган.

23 март куни Рафаҳ шаҳри ҳудудида Қизил ярим ой жамиятининг Фаластин бўлими (PRCS) тез ёрдам машиналари, БМТ автомобили ва Ғазо фуқаролик мудофааси ўт ўчириш машинаси Исроил ҳарбийлари томонидан  ўққа тутилиши оқибатида 14 нафар қутқарувчи ҳамда БМТнинг бир ходими ҳалок бўлганди.

ЦАҲАЛ баёнотида айтилишича, исроиллик ҳарбийлар душман кучлари томондан хавф юзага келди деб ҳисоблагани учун ўт очган.

Исроил ҳарбийларига кўра, тергов ишлари ҳалок бўлганларнинг олти нафари Ҳамас аъзолари бўлганини кўрсатган. ЦАҲАЛдагилар судсиз қатл ҳақидаги версияни рад этган.

Исроил мудофаа армияси қурбонларнинг Ҳамас билан алоқадорлигига ҳеч қандай далил келтирмаган, ҳолбуки ўлдирилганларнинг шахси ҳақида очиқ маълумотлар мавжуд.

Ҳисоботда айтилишича, ҳодиса «душман назоратидаги ва хавфли ҳарбий ҳаракатлар зонаси» ҳисобланадиган ҳудудда содир бўлган ва воқеа жойидаги командир машиналар тез яқинлашгани туфайли бевосита ва сезиларли таҳдидни ҳис қилган.

Шунингдек, «тунда кўриш ёмонлиги» туфайли командир транспорт воситалари тез ёрдам машиналари эканини аниқ била олмагани айтилган.

Исроил томони аввалига колонна қоронғида, чироқлар ўчирилган ва милтилловчи маёқларсиз «шубҳали тарзда» яқинлашгани учун ўт очилганини даъво қилганди. Исроил томонига кўра, машиналар ҳаракати олдиндан мувофиқлаштирилмаган ёки армия билан келишилмаган.

Аммо кейинроқ Исроил бу ҳисобот «хатолик» бўлганини тан олди, чунки бу вақтга келиб ўлдирилган шифокорлардан бирининг мобил телефонидан топилган видео машиналарнинг чироқлари ёқилган ҳолатда бўлгани ва милтилловчи маёқлар ўрнатилганини фош этди.

Кадрларда эрта тонг маҳали машиналар йўлга яқинлашгани ва кўп ўтмай отишма бошлангани акс этган.

Видео беш дақиқадан кўпроқ давом этади, унда парамедик ҳаётининг сўнгги лаҳзаларини дуо ўқиб ўтказгани эшитилади, сўнгра машиналарга яқинлашаётган исроиллик аскарларнинг овозлари янграйди.