Макмаҳоннинг муҳокамали хати ва Ҳарварднинг жавоби
АҚШда янги маъмурият келиши билан мамлакатда олий таълим муассасаларини молиялаштирилмаслик бўйича кампания бошланди. Худди шу вазият айни вақтда дунёга машҳур Ҳарвард университети билан ҳам юз беряпти.
6 май куни АҚШ таълим вазири Линда Макмаҳон Ҳарвардга хат йўллади. Ҳукумат вакили буни ўзининг Х (собиқ Тwitter)даги саҳифасида эълон қилди. Унда Ҳарварднинг йирик молиявий жамғармасига қарамай, федерал грантларни олиб келаётгани, аммо ўзининг қонуний ва ахлоқий мажбуриятларига амал қилмаётгани таъкидланади.
“Ҳарвард университети 53,2 миллиард долларлик жамғармага эга бўлишига қарамай (бу кўрсаткич 100 та мамлакатнинг ялпи ички маҳсулотидан каттароқ) деярли солиқдан озод қилинган, ҳар йили солиқ тўловчиларнинг миллиардлаб доллар маблағини олади. Бу маблағларни олиш ҳуқуқ эмас, балки имтиёздир. Шунга қарамай, Ҳарвард пулларни талабалар таълимини ривожлантиришга сарфлаш ўрнига федерал қонунларни мунтазам равишда бузиб келмоқда”, – дейилади хатда.
Шунингдек, хатда университетнинг хорижлик талабалар билан боғлиқ муаммолари, плагиат можаролари, академик стандартлардан чекиниши ва ирқий камситиш сиёсатини давом эттираётгани ҳақида гап кетади. Шу сабабли ҳукумат Ҳарвардга энди янги федерал грантлар ажратилмаслигини маълум қилган.
“Юқоридаги ва бошқа ташвишли даъволардан келиб чиқиб, сизга шуни маълум қиламизки, Ҳарвард энди федерал ҳукуматдан грант талаб қила олмайди, чунки грантлар ажратилмайди. Ҳарвард бундан буён давлат маблағлари билан эмас, балки ўзининг улкан жамғармаси ва бадавлат битирувчилари ҳисобига фаолият юритади”, – дея қайд этилган ҳужжатда.
Ҳарвард маъмурияти Макмаҳоннинг хати эълон қилинганидан 3 соат ўтиб ўзининг расмий сайтига “Янги молиявий қўрқувлар” сарлавҳаси билан муносабатини жойлаган:
“Бугун биз маъмуриятдан яна бир хат олдик. Унда Ҳарвард университети устидан мисли кўрилмаган ва ноўрин назорат ўрнатишга уринишлар яна бир бор такрорланмоқда. Бу талаблар олий таълим учун салбий оқибатларни олиб келиши мумкин. Бугунги хатда, шунингдек, 21 апрел куни Ҳарвард судга даъво аризасини топширгани учун тадқиқот ва инновацияларга ажратиладиган маблағларни ноқонуний тарзда тўхтатиш таҳдиди янгидан илгари сурилган.















