Манзиллар орасида Исроил йўқ. Трампнинг Яқин Шарққа сафари: халқаро сиёсат, миллиардлар ва шов-шувли баёнотлар. Аммо миш-мишларда айтилганидек Фаластин давлатини тан олиш ҳақида ҳозирча гап-сўз йўқ.

Доналд Трамп иккинчи президентлик муддатида ҳам илк хорижий сафарини Саудия Арабистонига амалга оширди. У яна ўтмишдошларидан фарқли равишда Канада ёки Мексика каби яқин қўшниларни эмас, балки нефт ва бойлик маркази – Ар-Риёдни танлади. Уни аеропортда Саудия валиаҳд шаҳзодаси, мамлакатнинг амалда биринчи рақамли одами Муҳаммад бин Салмон кутиб олди. Улар қироллик оиласининг портретлари фонида расмга тушди – бу рамзий жиҳатдан АҚШнинг Саудиядаги ҳукмрон сулолага ҳурматини кўрсатади.

600 миллиард долларлик келишув

Энг муҳим воқеалардан бири Трампнинг Саудия-Америка инвестиция форумида иштирок этиши бўлди. Икки мамлакат етакчилари ҳузурида кўп миллиардлик шартномалар имзоланди. Доналд Трампнинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони АҚШ иқтисодиётига жами 600 миллиард доллар инвестиция киритади. Ўзаро ҳамкорлик технологиялар, энергетика, инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва мудофаа каби соҳаларни қамраб олади.

Катта эҳтимол билан, 600 миллиард доллар – бўрттирилган рақам. Очиқланган келишувларнинг жами қиймати бу сумманинг ярмига ҳам бормайди. Шу билан бирга, битимлар орасида мудофаа соҳасидаги келишувларнинг қиймати тарихий рекорд экани билан ажралиб туради. Унга кўра, АҚШ компаниялари қурол-яроғлар ва бошқа мудофаа технологияларини етказиб бериш бўйича саудлардан жами 142 миллиард долларлик буюртмаларни оляпти. Бу Америка тарихидаги энг йирик мудофаа битими сифатида эътироф этилди.

Шу билан бирга, айрим таҳлилчилар бу каби йирик миқдордаги битимларнинг амалда тўлиқ амалга оширилишига шубҳа билан қарамоқда, чунки илгари эълон қилинган шартномаларнинг баъзилари тўлиқ бажарилмаган эди. Масалан 2017-йилда Трамп Саудия Арабистони билан 110 миллиард долларлик қурол-яроғ битимини эълон қилган, бу келишув қиймати 10 йил давомида 350 миллиард долларга етиши режалаштирилган эди. Лекин 2018-йилга келиб, бу битим доирасида атиги 14,5 миллиард долларлик савдолар амалга оширилган, қолган қисми эса турли сабабларга кўра бажарилмаган.

Сурия, Қатар ва БАА

Ар-Риёдда Доналд Трамп, Муҳаммад бин Салмон ва видеоалоқа орқали Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ўртасида уч томонлама мулоқот бўлиб ўтди. Бу мулоқотдан кейин АҚШ президенти Сурияга нисбатан жорий этилган асосий санкцияларни олиб ташлашини эълон қилди. Эртасига Трамп ва Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа ўртасида ҳам илк учрашув бўлиб ўтди.