Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Ғазони эркин ҳудудга айлантириш режаси ва тугамаётган бомбардимонлар
Қатарга ташрифи давомида АҚШ президенти Доналд Трамп амирликдаги ал-Удейд ҳарбий базасига етиб келди. АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг йирик ҳарбий базасидаги тадбирда АҚШ ва Қатар ҳарбийлари ҳам қатнашди.
У ўз чиқишида Ғазо бўйича режаларини айтган. «Менда Ғазо учун жуда яхши ғоялар бор: уни "freedom zone" — яъни эркинлик зонасига айлантириш. АҚШ бу ишга аралашиб, Ғазони шунчаки эркин ҳудудга айлантириши керак», — дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда Al-Jazeera нашри.
«Менда ҳаво суратлари бор — деярли бирорта бино бутун қолмаган. Бу ерда сиз бирор нарсани сақлаб қолишга уриняпсиз дейиш ҳам қийин. Агар зарурат бўлса, АҚШ бу ҳудудни ўз назоратига олса, уни эгалласа ва эркинлик зонаси қилса, мен бундан фахрланардим», — деган Трамп Қатардаги сафари давомида.
Трамп жорий йил бошида ҳам Ғазо устидан узоқ муддатли АҚШ назоратини ўрнатиб, уни Яқин Шарқнинг Riveria'си сифатида қайта қуриш фикрини илгари сурган эди.
Трамп Яқин Шарқда юрган вақтда Исроил Ғазо секторининг турли ҳудудлари: аҳолининг уйлари, кўчирилган фаластинликларнинг чодирларига, шифохоналар ва тинч аҳоли тўпланган жойларни бомбардимон қилишдан тўхтамаяпти.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, сўнгги бир суткада Ғазодаги шифохоналарга 82 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади ва 152 киши жароҳатлари билан келтирилган.
2023 йил 7 октябрда Исроилнинг Ғазодаги босқинчилик уруши бошланганидан бери ҳалок бўлганлар сони эса 53 мингдан ошиб кетди.
Путин Истанбулга келмади. Трамп ва Зеленскийнинг муносабати
АҚШ президенти Доналд Трамп Путин билан кўришмагунича тинчлик музокараларида ҳеч қандай тараққиёт бўлмаслигини айтди.
«Путин ва мен учрашмагунимизча ҳеч нарса бўлмайди», деди Трамп журналистларга. Трамп Украина билан музокаралар учун Туркияга борган Россия делегацияси таркибига Путин киритилмаганидан хафа эмаслигини қўшимча қилди, деб ёзди CNN. У Россия делегацияси таркиби ҳақида ҳеч нарса билмаслигини таъкидлади.
Аввалроқ Доналд Трамп Туркияга боришга тайёрлигини айтганди, бироқ Владимир Путин музокараларда иштирок этишдан бош тортгач, бу ғоядан воз кечди.















